Қоровулбозор: Икром Қўлдошев оиласи 2 гектардан иборат боғидан барака топмоқда
2025-04-18 10:55:00 / Янгиликлар

Айни кунда ҳудуддаги «Навбаҳор», «Тинчлик», «Бўзачи», «Бўстон», «Жарқоқ», «Имом Бухорий» ҳамда «Чўлқувар» маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган оила сони 5 минг 389 тага, хонадон сони 4 минг 632 тага, аҳоли сони эса қарийб 20 мингга етгани ҳудуд гавжумлашаётгани, одамлар турмуш даражаси ошаётгани далолатидир. Бугун ўз тақдирига бефарқ бўлмаган фуқарога иш излаб узоққа боришига ҳожат йўқ, негаки, маҳалланинг ўзида даромадбоп иш ва имконият етарли.
Бу борадаги ишларни биргина «Бўзачи» МФЙ мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур маҳалланинг Муротобод, Аҳиллик, Барҳаёт ҳамда Навбаҳор кўчаларида бугунга келиб 790 та хонадонда 3300 дан ортиқ аҳоли вакили истиқомат қилмоқда. Томорқа ва экин ери мавжудлиги, суғоришга қулайлиги туфайли ҳудуд аҳолисининг аксарият қисми деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келади.
Кейинги пайтда чўлқуварлар заминида боғ-токзор барпо қилиш билан бирга қатор ораларида сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириб, рўзғор эҳтиёжини қондираётган миришкор хонадон ва деҳқон хўжаликлари сони кўпаймоқда.
Фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари туман кенгаши яқин кўмагида Бўзачи маҳалласидаги миришкор Икром Қўлдошевнинг 2 гектардан иборат боғида қатор ораларида картошка, саримсоқпиёз, помидор, булғор қалампири, ошқовоқ, яна плёнка остида қулупнай экиб етиштирилмоқда.
Тойфи, кишмиши, беҳишти каби узум навларига мансуб токзор пишиқчилик мавсумига бориб ҳосилга кирса, унгача сабзавотлардан кўзланган мўл ҳосил йиғиб олиниб, миришкорлар моддий манфаатдорлиги таъминланади. Бир неча ойлик меҳнатдан сўнг бу боғ қатор ораларидан жами 15 тоннадан ошириб ҳосилни саранжомлаб олиш мақсад қилинган. Хомчўт қилинганда эса, бу фойда 40 миллион сўмдан зиёд даромад дегани.
Токзорнинг бир қисмида чорва моллари озуқаси учун ўт беда, маккажўхори ҳам экиб етиштирилаётганидан билиш мумкинки, боғ эгаси Икром Қўлдошев оила аъзолари билан биргаликда қорамол боқиб кўпайтириш, рўзғорда сут, қатиқ, сариёғ, гўшт каби маҳсулотларни сероб қилиш ҳаракатида тер тўкмоқдалар. Излаган имкон топар, дегани шу бўлса керак. Албатта, биргина деҳқон хўжалигида етиштирилаётган маҳсулотлардан маҳалла аҳли ҳам баҳраманд бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






