Қоракўл: «Қозон» МФЙ да Равшан Каримов наслдор қўйларини қарийб 40 бошга етказди
2025-04-17 19:05:00 / Янгиликлар

Шу боис, кейинги йилларда чорвага ихтисослашган фермер хўжаликлари имкониятлари оширилаётгани баробарида аҳоли хонадонларида қорамол боқиш тажрибаси оммалашаётганини "Қозон" МФЙ да яшовчи Равшан Каримов хонадони мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Оила соҳиби кўп йилдирки, қўй боқиш билан шуғулланади.
—Қўй боққанлар яхши билишади, ўзимизда қишнинг қуруқ изғиринию ёз жазирамасида жайдари ҳисори қўйни ҳам боқиш осон иш эмаслигини,—дейди қўйчиликда катта тажрибага эга Равшан Каримов. —Аммо мен оиламиз билан шу қўйни наслда ва бўрдоқичиликда астойдил боқиб кўришни ният қилганмиз. Албатта, талаб юқорилигидан бу наслдор қўйнинг 3-4 ойлик қўзиси ҳам бозорда арзон эмас.
Хонадон соҳибининг айтишича, ҳозирда бу хўжаликда парваришланаётган қўйлар ўртача нархи 2 миллион сўмдан 8 миллион сўмгача баҳоланаётган экан. Айни пайтда бу қўйлар зарур эмдориси-аксина билан эмланмоқда. Озуқа сифатида кундалик рациони маккажўхори, кепак, арпа, сули ёрмаси ва беда ўтидан иборат. Бир сўз билан айтганда, зотдор қўй туёғи кўпайтирилаётгани аллақачон Каримовлар оиласи даромад манбаига айланган.
—Чорва учун озуқа базаси яратилса, кифоя. Четдан қараганда, мол боқиш, фойда кўриш машаққатли туюлади, чиндан шундай. Аммо хонадонимиз аъзолари, фарзандлар билан меҳнатимиз маҳсулини кўрганимизда, бўрдоқига мол боқиб, қорамол ёки бузоқ, наслдор қўй сотиб моддий манфаат топганимизда кўрган қийинчилигимиз унутилади,—дейди Равшан Каримов.—Айтиш жоизки, бир оила рўзғор юкини тортиш, дастурхон тўкинлигини таъминлаб, гўшт, сут, қатиқ, сариёғ каби дармондорига бой маҳсулотларни сероб қилишда бу тармоқнинг аҳамияти бисёр.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




