Когон: BUXORO GYPSUM" ва "СAPITAL GRAND GROUP" МЧЖ лари қуввати оширилмоқда
2025-04-16 10:40:00 / Янгиликлар

Корхоналарда бўлган шаҳар раҳбари Миршакар Тўрабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳи тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, улар фаолиятини жонлантириш, мавжуд муаммоларини ҳал қилиш, қўшимча ишчи ўринларини яратиш борасидаги ишлар билан қизиқдилар.
Жумладан, "BUXORO GYPSUM" МЧЖда гипс, қуруқ қоришмалар ва гипсакартон ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда корхонада 80 киши иш билан банд. Экспортга йўналтирилаётган ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўлиқ хитойлик муҳандислар томонидан тизимлаштирилиб, ишлаб чиқариш жараёни мувофиқ олиб борилмоқда. Корхона йилига ички бозордан ташқари 2,5-4 миллион АҚШ долларигача маҳсулот экспортини амалга оширади.
Навбатдаги корхона "СAPITAL GRAND GROUP" МЧЖ бўлиб, корхона суткасига 60 тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона маҳсулотлари 100 фоиз Афғонистон республикасига экспорт қилинмоқда. Қозоғистон республикасидан божхона тартибида қайта ишлаш режими билан маҳсулот импорт қилиниб, ойига 150-200 минг АҚШ долларига тенг ун маҳсулотлари тўлиқ экспортга йўналтирилиши корхона учун жуда қулай ва моддий манфаатлидир. Айни пайтда йил якунига қадар корхона ҳамкорларини узликсиз маҳсулот билан таъминлаш ва хом ашё хариди учун тижорат банки орқали қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Бу билан корхона барқарор ишлаши таъминланади.
Мулоқот давомида экспорт маҳсулотлар турларини кўпайтириш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, экспорт бозорларини излаш, корхоналарни тўлиқ қувватларда ишлашини таъминлаш, мавжуд иш ўринларини сақлаш ва корхоналарни уч сменада ишлатиш орқали янги иш ўринларини яратишга эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, корхоналарда маҳсулот ишлаб ишлаб чиқариш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш орқали сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш долзарб аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








