Қоракўл: Мухлиса Ҳамдамова ҳамда Машҳура Сайлиевалар томорқасида карам ва сабзи етиштирилмоқда
2025-04-11 20:10:00 / Янгиликлар

Шу маҳаллада яшовчи Мухлиса Ҳамдамова ҳам маҳалладошлари каби томорқадан унумли фойдаланаётганлардан. Эрта баҳордан хонадон аҳли 15 сотих ерда карамнинг эртапишар навини экиб етиштирмоқда.
—Оила аъзоларимиз билан биргаликда карам етиштиршга қизиққанимизга 4-5 йилча бўлди, чамаси. Аввалига 5 сотих майдонда етиштирган эдик, кўрдикки, даромади чакки эмас, агротехник парваришини тўғри олиб борилса, кўзланган ҳосилни олиш мумкин,—дейди Мухлиса Ҳамдамова.—Ўтган йили баҳор мавсумида карамдан 30 миллион сўмга етказиб даромад қилишга эришгандик. Бу йилги мўлжалимиз ҳам бултургисидан мўл ҳосил етиштириб, фойда олиш. Асосийси, ҳалол меҳнат орқасидан муҳтожлик билмай, рўзғорни бут қиляпмиз.
Биламизки, карам кўп истеъмол қилинадиган сабзавотлардан бири, кўпгина овқатларга ишлатилади, чунки у тўйимли ва парҳезбоп ҳам. Бир гектар ердан 50 тоннагача, бир сотих ердан 500 килограмгача карам олиш мумкин экан. Албатта, унинг ҳам ўзига хос агротехникаси бор. Масалан, тупроқни юмшатиш, экинни суғориш, ўташ, ўғитлаш, қатор орасини чопиқ қилиш лозим. Карам сувни кўп талаб қиладиган сабзовот бўлиб, совуққа чидамли. Ўсиш пайтида ўнга албатта азот, фосфор ва калий каби минерал ўғитлардан бериш зарур.
Ҳосил етилганда уни пишириб ўтказиб юбормасдан, йиғиб олиш керак бўлади. Маҳаллий шароитга мослашгани боис, айни пайтда қоракўлликлар томорқасида гулкарам, броколли ҳамда Корейс карамини ҳам етиштириш оммалашмоқда. Гулкарамлар эрта баҳорда ва ёзда етиштирилади. Эртанги экин ҳосили май-июнда, кечкиси октябрь ва ноябрь ойларида йиғиштириб олинади. Баҳорда экиладиган гулкарамнинг бош тугиши қаттиқ иссиқ бошланадиган пайтга тўғри келиб қолмаслиги учун у иложи борича эрта—февралнинг охири, мартнинг бошларида экилади. Май ойига бориб пишиб етиладиган карам ҳосили элимиз дастурхонига тортиқ қилинса, кеч кузга бориб тайёр бўладиган карамни асосан салат тайёрловчилар кўтарасига савдо қилишади.
Муҳлиса опанинг қўшниси Машҳура Сайлиева ҳам маҳалладошлари каби ер билан тиллашадиганлардан. Машҳура опа бир неча йилдан буён томорқасида карам билан бирга сабзидан мўл ҳосил етиштиради. Миришкорлар оиласи йилда икки маротаба, эрта баҳорда ва кеч кузда сабзи ҳосилини экиб парваришлаб, саранжомлаб олишга одатланган.
Шубҳасиз, юқоридаги каби деҳқончиликда катта тажриба орттирган хонадонларда етиштирилаётган маҳсулот ҳам оилалар турмуши фаровонлигига хизмат қилмоқда. Ҳалол меҳнатдан келаётган даромад оила орзу-ҳаваси рўёбига, фарзандлар таълим-тарбиясига, рўзғорга сарфланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






