Бухоро шаҳри: «Лойиҳалар ярмаркаси»да 48 та бизнес лойиҳа кўриб чиқилди
2025-04-11 16:45:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоят ҳокимлиги ва марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган режа-графикка асосан вилоятдаги 13 та шаҳар туманларда ҳар ойда икки маротаба «Лойиҳалар ярмаркаси» ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилган. Мазкур ярмаркаларда Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ҳамда Ғиждувон тажрибалари асосида тайёрланган бизнес режалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтмоқда. Муҳими, бунда ҳаваскор ташаббускорлар лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, оилаларга моддий манфаатдорлик имконияти яратилмоқда.
Жумладан, Бухоро шаҳридаги "Касбий кўникмалар" марказида ташкил этилган навбатдаги ярмаркада ҳам масъул тижорат банклари вакиллари, маҳаллалар «еттилиги» маъмурияти ҳамда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, янги иш ўринлари яратиш ниятида бўлган ташаббускорлар, бизнес фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқаролар иштирок этдилар.
"Лойиҳалар ярмаркаси" доирасида аҳолининг тадбиркорлик фаолиятига дахлдор ишлаб чиқилган 42 та бизнес режа маҳаллаларга бириктирилган тижорат банклари вакиллари, ҳоким ёрдамчилари ва тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилинди. Чунончи, якка тартибда новвойлик, миллий ширинликлар, турли пишириқлар тайёрлашдан тортиб, уйда тикувчилик асосида касаначилик қилиш, чеварлик цехини моддий қўллаб-қувватлаш, уй косметик таъмири, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишлардаги ишлар кўриб чиқилди. Ярмарка доирасида умумий қиймати 5 миллиард 300 миллион сўмга тенг 48 та ташаббускорнинг лойиҳаси тижорат банклари томонидан маъқулланди.
Аҳамиятлиси, бу саъй-ҳаракат натижасида ҳудудда мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






