Ботир Зарипов “Қароли”даги «Ёшлар саноат зонаси»да бўлди
2025-04-10 19:40:00 / Янгиликлар

Айни пайтда 185 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Жондор туманида ҳам бу борадаги ислоҳотлар шиддати қулоч ёзмоқда. Эндиликда кунора янги ишлаб чиқариш қувватлари, сервис хизматлари, ҳунармандчилик тармоқлари ишга тушириляпти. Тумандаги "Қароли" маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ёшлар саноат зонасига 15 гектар, кичик саноат зонасига 30 гектар ер ажратилган. Айни дамда кичик саноат зонасида ўнга яқин лойиҳа ишга туширилган. Мазкур лойиҳалар орқали паррандалар учун озуқабоп гранулалар, суюқ кир ювиш воситалари, қурилишбоп бурама мих, афғон қозони, керамзит ишлаб чиқариш каби лойиҳалар амалиётига кенг ўрин берилган.
Бугун ҳудудда бўлган вилоят ҳокими Ботир Зарипов саноат зонасида тадбиркорлар учун яратилган шарт-шарит билан яқиндан танишар экан, ёш тадбиркорлардан Сухроб Эллиев ташаббуси билан ташкил қилинган "Clean billur" МЧЖ фаолияти эътиборидан четда қолмади.
"Clean billur" тадбиркорлик корхонаси идиш-товоқ тозалашда ишлатиладиган геллар ва суюқ ҳолдаги кир ювиш воситаларини ишлаб чиқаради. Бир йилда 2 миллиард донага яқин олти турдаги маҳсулот савдога йўналтирилади. Бундан ташқари, капсула ҳолида келган ярим маҳсулот шу ернинг ўзида шиширувчи мослама ёрдамида 2,5 ва 5 литрли тайёр баклажкаларга қадоқланмоқда. Корхонанинг 12 нафар доимий ва ўн нафар ёлланма ишчиси бор. Улар 2 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача маош олишмоқда.
—2019 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида дастлаб Бухоро туманидаги «Шехонча» МФЙ да ижарага бино олиб, оилавий корхона фаолиятини йўлга қўйган бўлсак, бугунга келиб «Ёшлар саноат зонаси»дан аукцион савдоси орқали 45 сотих ер майдонини сотиб олиб, ишчиларимиз сонини 12 нафарга етказдик,—дейди "Clean billur" МЧЖ раҳбари Сухроб Эллиев.—Бошланишида «Бизнесни ривожлантириш банки»дан 60 миллион сўм кредит маблағини олиб, шу ишга тиккан бўлсак, кейинчалик яна технология ва хом ашё хариди учун жами 230 миллион сўм, «Ипак йўли банки»дан эса 120 миллион сўм кредит сармоясини расмийлаштириб олганмиз. Махсус ускуна ва дастгоҳни водий вилояти—Фарғонадан буюртма асосида қабул қилганмиз. Дастлабки йилда ойига 3-5 тонна атрофидаги хом ашёни қайта ишлаб, қадоқлаган бўлсак, бугунга келиб бир ойда 30 тоннагача маҳсулот қайта ишланиб, «Ретро» ёрлиғи остидаги қадоқланган суюқ гель ишлаб чиқармоқдамиз.
—Доимий иш ўрним бўлмаганидан "Аёллар дафтари"да рўйхатда турардим. Асосан мавсумий ишларни бажариб, тирикчилиб қилиб келардик. Маҳаллага иш сўраб чиққанимда, шу корхонани тавсия қилишган. Ишга жойлашганимга ҳам бир йил тўлмоқда. Қўлим анча ром бўлди, ойликларимизни вақтида оляпмиз. Байрамларда рағбатлантиришади. Иссиқ овқатимиз ҳам корхона ҳисобидан. Барчамиз бу ердаги шароитлардан мамнунмиз, – дейди корхона ишчиси Рамзия Элова.
Эришилаётган моддий манфаатдорлик ҳисобидан эндиликда "Clean billur" МЧЖ ишини ривожлантириб, қаттиқ совун тайёрлаш, ассортиментни кўпайтиришга доир автоматлаштирилган технологияни келтириб ўрнатиш ҳаракатига киришилган. Ташаббускор тадбиркорнинг хомчўтига биноан, бунинг учун яна 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча сармояга эҳтиёж бор. Туман ҳокимлиги ва саноат зонаси дирекцияси қўллаб-қувватласа, лойиҳани келгуси йилда тўла-тўкис амалга ошириш имконияти бор.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







