Маърифатли аёл Ватан саодатидир
2025-04-10 12:45:00 / Янгиликлар

Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ташкил этилган мазкур давра суҳбатида иштирок этганлар оила ва турмушда аёллар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, эрта туғуруқларнинг олдини олиш, оила маънавияти ва аёллар маърифатини ошириш борасидаги тарғибот ишларини кучайтиришга доир фикр-мулоҳазаларни тингладилар. Бу борада республика ишчи гуруҳи аъзолари — Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Сайёра Тўйчиева ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева жамиятда соғлом муҳит барқарорлиги, оилалар маънавиятини юксалтиришда тарғибот тадбирлари аҳамияти, мамлакат ва жамият тараққиёти ва фарзанд тарбиясида аёллар ва оналарнинг ўрни хусусида фикр алмашдилар. Маърифий тадбирда мамлакатимиздаги миллий қадриятларни тарғиб қилиш, оиладаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёш авлодга миллий анъаналарни сингдиришга қаратилган мавзулар қамраб олинган.
Кези келганда айтиш жоизки, жорий йил бошидан вилоятимиздаги мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган хотин-қизлар ижтимоий турмуши, уларни қийнаётган ташвиш-муаммоларга доир хатлов ишлари амалга оширилган. Барча шаҳар ва туманларда штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, “маҳалла еттилиги” секторлар ишчи гуруҳлари билан биргаликда анкета-сўровнома асосида уйма-уй юриб, ўрганилди. Жараёнда шаҳар ва туманлардаги жами 443 минг 689 та хонадон қамраб олинган бўлиб, вилоятда 30 ёшдан юқори бўлган 471 минг 122 нафар хотин-қизнинг ижтимоий муаммолари ва таклифлари ўрганилмоқда.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова ҳамроҳлик қилган республика ишчи гуруҳи аъзолари Бухоро шаҳридаги Президент мактабида “Маърифатли қиз — келажак бунёдкори!” мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда иштирок этдилар.
Тадбирда китоб беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг асосий манбаи, қолаверса миллатнинг маданий ва маънавий мероси, хусусан, қизлар таълим-тарбияси, уларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида сўз борди. Шунингдек, бугун мамлакатимиз бўйлаб таваллуди кенг нишонланаётган буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур даврида салтанат ривожи, бунда илм аҳли қўшган ҳисса, Соҳибқироннинг илму маърифатга бўлган эътибори-ҳомийлиги хусусида тўхтаб ўтилди.
Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган маданий дастур тадбирга ўзгача руҳ бахш этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









