Шофиркон: "Koʻrishkent shirinliklari" нинг буюртмачилари кўпаймоқда
2025-04-09 18:45:00 / Янгиликлар
Кўришкент қишлоғида яшовчи Моҳигул Жўраева ўз қатъияти ва интилиши туфайли оилавий тадбиркорлик йўналишида муваффақиятга эришаётган аёллардан бири. Мутахассислиги ҳамшира бўлган Моҳигул икки йил аввал бизнес ташаббуси билан чиқиб, ўзининг ширинлик цехини ташкил этишга киришганди.

Бу мақсадда у туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияси асосида 16 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағини олиб, "Кўришкент пишириқлари" номли цехини очди. Зарур жиҳозлар билан таъминланган кичик корхонада дастлаб коржик, пряник ва бошқа ширинликлар пишириб сотиш йўлга қўйилган бўлса, кейинчалик маҳсулот турлари кенгайтирилди.
Маҳаллада ўтадиган тўй-маросимлари учун ширинликлар, торт ва пишириқлар, салат ва сомсалар ҳамёнбоп нархларда, буюртма асосида тайёрлаб бериладиган бўлди. Бугунга келиб эса цехда ойига қарийб 10 миллион сўм атрофидаги қандолат маҳсулоти уч нафар ишчи билан сифатли тайёрлаб берилмоқда.
Моҳигул Жўраева фарзандлари кўмагида пишириқ ва тортларни тайёрлаш билан банд бўлганида тўй-маросимлар учун буюртма кўпайганда, овсинлари унга беминнат кўмакчига айланишади. Бу эса оилавий ҳамжиҳатлик ва тадбиркорлик туфайли бир нечта оиланинг қўшимча даромадга эга бўлаётгани далолати.
Буюртмалар сонидан келиб чиқиб, Моҳигул Жўраева жамоаси айни кунда цехни кенгайтириш ва пишириқ турларини кўпайтириш ҳаракатида. Бу уринишлар албатта, оилавий даромадни ошириш, аҳоли дастурхонини сифатли ва мазали ширинликлар билан таъминлаш имконини бермоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




