Шофиркон: “Учқун-97” фермер хўжалиги 1,2 гектар ерда сабзавот маҳсулотлари етиштирмоқда
2025-04-09 18:00:00 / Янгиликлар
Шофиркон туманидаги “Жўйрабод” ҳудудида етмишдан ортиқ фермер хўжалиги пахта ва ғалла етиштиришда катта хирмонга муносиб ҳисса қўшаётган бўлиб, айни кунда ҳудуддаги мавжуд 1055 гектар майдонга серҳосил пахта навига мансуб чигит экилиб, 3 минг тоннадан ошириб саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштириш мақсад қилинмоқда.

Ҳудудда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришаётган пешқадам фермерлардан бири—Кўришкент маҳалласида фаолият юритаётган “Учқун-97” фермер хўжалигидир. Мазкур хўжалик кеч куздан бошлаб дала четлари, чел-марзаларни бўш қолдирмасдан, тут, жийда, тол ниҳоллари, ток қаламчаларини ўтқазиб, парваришига киришган. Ҳатто хўжалик ишчилари экин ери четларида ошқовоқ, шолғом, лавлаги экиб етиштириб, қўшимча даромадга эга бўлишмоқда. Айни баҳор мавсумида ҳам миришкорлар 1,2 гектар экин ерида турли сабзавот экинларини экиб етиштириб, жамоа аъзолари рўзғорини бартараф этиш ҳаракатидалар.
Ҳозирда бу фермер хўжалиги 70 сотих ерда ошқовоқ, 15 сотих ерда картошка, 10 сотих ерда ловия ва булғор қалампири экиб етиштирмоқда. Эрта баҳор кунларида ер тайёрланиб, ошқовоқ учун 4 минг тупга яқин кўчат келтириб ўтқазилиб, парваришига киришилган. Айиш жоизки, “Учқун-97”да йил давомида ошқовоқдан уч маротаба ҳосил олиш тажрибаси шаклланган бўлиб, дастлабки экин мавсумида гектаридан 22 тоннага етказиб ҳосил олиш мақсад қилинган. Эртанги маҳсулот—ошқовоқнинг ҳар донаси бозор баҳоси эса ўртача 15 минг сўмдан ҳисобланганида, бундан хўжалик эришадиган моддий манфаатдорлигини ҳисоблаш қийин эмас. Аниқроғи, полизкорлар 150 миллион сўмдан ошириб даромадни кўзламоқдалар.
Шунингдек, айни баҳорда фермер хўжалигида 15 сотих майдонга экилган картошка учун 2,8 миллион сўм қийматида уруғлик харид қилинган. Парвариш ишлари, суғориш, ўғитлаш ва бошқа агротехник ишлар сарф-харажатини ҳисоблаганда, умумий сармоя 10 миллион сўмга яқинлашган. Ҳосил тўла-тўкис саранжомлаб олинса, фермер шундан камида икки баробар даромад олишни кўзлаб турибди.
—Қолаверса, 10 сотих ерда экиб етиштирилаётган дуккакли маҳсулот—ловия учун эса 100 минг сўмлик уруғлик ва 1,5 миллион сўмга тенг техник хизмат, ўғит сарф-харажати қилинди,—дейди “Учқун-97” фермер хўжалиги раҳбари Анвар Раҳматов.—Тахминий ҳисоб-китобга кўра, пишиқчилик кунларида ловия маҳсулотидан 6 миллион сўмдан зиёд даромад олишни режалаштирганмиз. Ерга меҳр бериб, агротехник тадбирларини омилкорлик билан олиб борилса, албатта, ер ҳам соҳибини қуруқ қолдирмайди. Тажрибамиздан келиб чиқсак, бу йилги ҳосилдан ҳам умидимиз катта. Жамоамиз билан ўз вақтида экдик, оби-тобида экинни суғориб, зарур тадбирларни олиб бормоқдамиз. Насиб қилса, кўзланган мўл ҳосилга эришамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







