Бухоро тумани: “Ўктам Иброҳим тўқли” кўп тармоқли уруғчилик фермер хўжалигида ҳам иш қизғин
2025-04-02 17:30:00 / Янгиликлар

Кўп йиллик тажрибадан келиб чиққан ҳолда жорий мавсумда ҳам вилоятда эртапишар «Бухоро-102», «Бухоро-10» («Сардор»), «Порлоқ» ва ўртапишар «Бухоро-6», «Бухоро-8» каби маҳаллийлаштирилган ғўза навлари экиб парваришига киришилди. Навлар ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб жойлаштирилмоқда.
Бухоро туманида эса жорий мавсумда пахтачиликка ихтисослашган 239 та фермер хўжалиги даласида 7 минг 200 гектар ерда чигит экиш чора-тадбири кўрилмоқда. Шундан 2 минг 800 гектар ерда чигит Хитой технологияси асосида 76 х 10 схемасида экилмоқда. Айни кунда туман пахтакор деҳқонлари 1 минг 400 гектар ерда чигитни плёнка остида экмоқдалар. Бунда ҳудудга қўшимча 16 та янги замонавий русумдаги экишгич олиб келингани айни муддао.
Ҳудудда ғаллачилик ва пахтачиликда пешқадам субъектлардан бири, «Работак» МФЙда катта тажрибага эга, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Иброҳим Тўқлиев бошчилигидаги «Ўктам Иброҳим Тўқли» фермер хўжалигида ҳам чигит экиш, ғалла парвариши, ерларни озиқлантириш ҳамда экспортбоб полиз ва сабзавот маҳсулотларини экиб етиштириш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Ҳадемай, фаолият бошлаганига 20 йил тўладиган ва айни кунда 85 гектар экин ерига эга бу фермер хўжалигида 40 гектар ерда саноат учун қимматбаҳо пахта хом ашёси, 28 гектарда бошоқли дон, 10 гектар ерда сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Шунингдек, 2 гектар майдонда интенсив боғ барпо қилинган хўжаликда чорвачилик ривожлантирилаётган бўлиб, қорамол сони 50 бошга етказилган. Қўшимча даромад сифатида асаларичиликка қўл урилган бўлиб, асалари уяси 40 тага етказилган.
Боғ-токзор қатор ораларида маҳсулот экиш, айни кеч куз ойларидан «тўқсонбости» усулида сабзавот ва кўкатлар етиштириш, дала четларида тут, толь, терак, жийда каби дарахт ниҳоллари билан бирга, ток қаламчаларини ўтқазиб, токзорларни кенгайтириш, аҳоли дастурхонини сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот билан тўлдириш ҳамиша долзарб вазифа саналган. Бугун бу борада айнан «Ўктам Иброҳим Тўқли» фермер хўжалигида катта тажриба тўпланган.
Бунинг учун тармоқлар ривожида хўжаликнинг 20 нафардан ортиқ ишчи-хизматчиси, механизатор-сувчилари алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Эрта баҳорги чигит экиш ва бошқа агротехник ишлар учун хўжаликда ўндан ортиқ юқори унумли техника воситаси кучидан ўз ўрнида, самарали фойдаланилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









