Асосий контентга ўтиш

Бухоро шаҳри: чевар Наргиза Қурбонова маҳсулотига пойтахтдан ҳам буюртмалар бор

2025-03-29 14:50:00 / Янгиликлар

Бухоро қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири экани, бунда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари, айниқса, зардўзлик, заргарлик, каштадўзлик тараққий этгани, уста-шогирд анъаналари асосида ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорини авлодлардан аждодларга етказиб келаётгани, ҳудудда ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланаётгани, ипак гиламчилик, кулолчилик, кандакорлик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топаётгани ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин.

Айнан ҳунармандчилик туфайли бугун ўнлаб хонадонларда чевар хотин-қиз бандлиги таъминланиб, оилалар моддий манфаатдорлиги таъминланаётгани қувонарли, албатта. Бу камбағалликни қисқартиш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Шу жумладан, ҳозирда вилоят марказидаги биргина "Хўжа Ғунжорий" маҳалласида ҳам юқоридаги саъй-ҳаракат самарасини кўриш мумкин.  

Бугунга келиб бу маҳаллада 986 та хонадон, 1187 та оила ва уларда жами 4 минг нафардан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилаётган бўлиб, ҳудуд асосий ривожланиш драйвери хизмат кўрсатиш, савдо ва ишлаб чиқариш тармоқларидир. Яратилаётган  имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйганлардан бири Наргиза Қурбонова ҳам шу маҳалланинг Мирдўстим кўчасида истиқомат қилади. 

Хорижий миграциядан қайтарилган бу аёлга маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган бўлиб, бу сармоя аввало, уйда якка тартибда ишлаб, кўҳна услуб асосида, турлича нақшлар тушурилган аёллар миллий чопонларини тикишга сафарбар этилди. Шу мақсадда замонавий русумдаги «ЖАCК» тикув машинаси ва «оверло» ускунаси сотиб олинди. Хайрли иш ортидан чевар аёл яна 2 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминламоқда.  

«Ҳунар—ҳунардан унар» деганларидек, чеварларнинг иши ва эришаётган даромади ҳам чакки эмас. Наргиза Қурбонова миллий урфдаги, рангин чопонларини  нафақат Бухородаги, балки, Тошкент шаҳридаги буюртмачиларига ҳам тез ва сифатли тикиб етказиб бериб, моддий манфаат топмоқда. Ҳунарига синчковлик билан ёндашиб, мижозлари сонини ошираётган чеварлар эндиликда фаолиятни  кенгайтириш ҳаракатидалар. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

 

21

Охирги янгиланиш: 2025-03-29 14:58:45

Бухоро шаҳри: чевар Наргиза Қурбонова маҳсулотига пойтахтдан ҳам буюртмалар бор