Вобкент: Сариосиёда Жамшид Халилов хонадони товуқ парваришидан 1900 донагача тухум олмоқда
2025-03-27 21:40:00 / Янгиликлар

Товуқ парваришини "Сариосиё" МФЙ даги миришкор оилалар фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Масалан, ёш тадбиркор Жамшид Халилов хонадони кейинги пайтда астойдил товуқ боқиб, оила иқтисодини ўнглаб олди. Уч йил бурун бу ташаббус маҳалла томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, хонадон соҳибига имтиёзли тартибда берилган 66 миллион сўм кредит маблағи эвазига 3000 бош “ломан“ зотли товуқлар парваришига киришилган. Ҳозирда бу хонадонда парранда парвариши талаб даражасида олиб борилмоқда.
— Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида парранда боқишда зарур тавсиялар ишлаб чиқилган бўлиб, биз ҳам шу тажрибага таяниб кам бўлмадик. Негаки, ҳозирда товуқлардан кунига 1900 донагача тухум олаётганимиз бу фикримиз далили,—дейди ёш тадбиркор Жамшид Халилов.—Буни моддий чамаласак, кунига қарийб 190 минг сўм даромад дегани.—Фаолиятимизга уч йил тўлган бўлса, шу муддатда оила аъзоларимиз билан биргаликда мўмай даромадга ҳам эришмоқдамиз. "Дамас" автомашинасини харид қилдик.
Товуқ ўсиб, ривожланиши учун баҳор, ёз фасллари қулай муҳит бўлиб, парвариши пухта бўлса, кеч кузга бориб тухумга киради. Бунгача эса жониворларни турли касалликлардан асраш учун эмлаш—дезинфекциялаш талаб қилинади. Албатта, зотдор товуқ сертухум бўлади. Мавжуд имкониятдан фойдаланиб, келгусида қўлимиздаги паррандани кўпайтириб, оилавий корхонага асос солиш, қўшимча иш ўрни яратиш ниятидамиз. Ҳозирда товуқ тухумларини харидорлар уйимиздан ҳар донасини 1000 сўмдан сотиб олаётганликлари ортиқча оворагарчиликлар олдини олмоқда.
Умуман, айни кунда туманда жумладан, «Моҳира Жалол Ширина», "Умид оил Вобкент парранда" МЧЖ, худди шундай, «Оқрабод», «Саъдулло», «Орзиобод», «Нуриддин-Мурод», «Турсунбозор Замини», «Холмурод Алишер», «Зокирбек чорва—2018», «Неъматов Амирбек Рустамович», «Нажим Тошобод» каби фермер хўжаликлари, шунингдек, «Раззоқова Зарнигор Абдурасуловна» оилавий корхонасида қишлоқ хўжалиги экинлари, пахта ва ғалла етиштириш билан бирга чорвачилик, наслчилик ишлари, бўрдоқичилик билан бирга тухум ва парҳезбоп гўшт етиштиришда алоҳида тармоқ ривожлантирилмоқда. Муҳими, бу каби корхоналар халқимиз дастурхонини сифатли ва арзон товуқ гўшти маҳсулотлари билан таъминлаётгани баробарида, янги иш ўринлари яратилиши, оилалар моддий манфаатдорлигига хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




