Бухорода қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилмоқда
2025-03-26 10:10:00 / Янгиликлар

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири — Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан режа асосида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқларини ташкил қилиш белгиланган.
Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 26 март кунидан 28-мартга қадар Бухоро шаҳар ва Бухоро туманида «Бошқарув органлари, Фавқулодда вазиятлар давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари» мавзусида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларининг бугунги, биринчи кунида бошқарув органлари ва ФВДТ хизматлари иштирокида механизациялашган йиғма командаларининг саф кўриги ўтказилди.
Унинг очилиш маросимида вилоят ҳокими – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи Ботир Зарипов иштирок этиб, ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсад ҳамда вазифаларига тўхталди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг жорий йил учун асосий тадбирлар режасига мувофиқ ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсади шартли равишда Туркманистоннинг Лебаб вилояти Туркманобод шаҳридан 20 км. ғарбда Рихтер шкаласи бўйича 9 баллик зилзила содир бўлиши, ер силкиниши натижасида Туркманистоннинг шарқий-жанубий ҳудудларидаги аҳоли яшаш пунктларида ўрта турдаги вайроналар юзага келиши, автомобиль йўллари носоз ҳолга келиши, электр узатиш тармоқлари ишдан чиқиши, натижада аҳоли пунктлари ва иқтисодиёт объектлари электр энергиясисиз қолиш хавфи туғилганда ёки содир бўлганда табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этишда ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари бошқарув органлари, куч ва воситаларининг тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш ҳамда ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштиришдан иборат.
Шунингдек, Бухоро шаҳри ва Бухоро тумани ҳудудидаги айрим аҳоли яшаш жойларига ҳам сезиларли талофат етиб, аҳоли ўртасида жабрланишлар борлиги аниқланади. Кучли зилзила натижасида аҳоли орасидаги йўқотишлар, аҳоли яшаш пунктларининг вайрон бўлиши, технологик жараёнда кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар ишлатувчи объектларда бузилиш ва авариялар, ёнғинлар, автомобиль ва темир йўлларида ҳалокат ва авариялар, ҳудуднинг коммуникация тизимларида авариялар содир бўлиши назарий жиҳатдан кўриб чиқилади.
Шундан келиб чиқиб, хабар бериш тизимининг тайёргарлиги ва барқарор ишлашини текшириш, ФВДТ ҳудудий қуйи тизими органларининг фавқулодда вазиятларда функционал вазифаларини бажариш йўналишларини аниқлаштириш, авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажаришда моддий-техник таъминот масалаларини ҳал этиш, юзага келган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда ФВДТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини кўриб чиқиш ўқув машқининг асосий мақсади этиб белгиланди.
Шунга кўра, уч кунлик ўқувлар давомида ана шу тайёргарлик ишларини яна бир карра назоратдан ўтказилади.
Қолаверса, тегишли хизматларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича билим ва кўникмалари, ҳозирланган захиралари синовдан ўтказилади.
Тадбирда қўмондонлик-штаб ўқув машқи ғоясидан келиб чиқиб хизматларнинг ахборотлари эшитилди. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишга ихтисослашган механизациялаштирилган отрядларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишга шайлиги синовдан ўтказилади.
Қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари давомида яна қатор амалий тадбирлар ҳамда махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






