Бухорода 15 нафар маҳалла фидойисига “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди
2025-03-22 12:55:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонига сазовор бўлган, қолаверса, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиб келаётган бухоролик меҳнат фидойиларини, соҳа ходимларини байрам билан самимий табриклади. Шунингдек, вилоят раҳбари сўнгги йилларда юртимизда маҳалла тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор мазкур ноёб тузилманинг нуфузини янада оширганини, маҳалла фуқароларнинг том маънодаги суянчига айланганини эътироф этди.
Таъкидланганидек, бу борада биргина вилоятимиз мисолида олсак, хусусан, сўнгги етти йилда вилоятимизда 285 та маҳалла идораси янгидан қурилиб, 315 та маъмурий иншоот қайта реконструкция қилинган.
Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, “маҳалла еттилиги”дан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани, бандликни таъминлаш, хотин-қизлар, ёшлар ва нуронийларга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартиришда амалий самарага эришилмоқда.
Вилоятимизда соғлом маънавий муҳитни таъминлаш мақсадида ўтган йили маҳалла фаоллари кўмагида ажрашиш ёқасига келиб қолган 1600 га яқин оила яраштирилгани, мавжуд 544 та маҳалланинг 181 таси ёки 34 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани, намунали маҳаллалар сони 317 тага етгани албатта, таҳсинга лойиқ.
Шу даврда 19 мингга яқин аҳолига қарийб 614 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит,5 мингдан зиёд фуқарога 28 миллиард сўм субсидия, қарийб 1 минг нафар оилага деҳқончилик учун 250 гектар ер майдони ажратиб берилган.
Бугунги тинч, эркин ва осуда ҳаётимизни қадрлаш, маҳаллаларда, бутун юртимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд оилалар, бемор ва ногирон инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича эзгу ва савоб ишлар кучайтирилмоқда.
Юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрган шундай кунда шаҳар ва қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда умумхалқ ҳашарлари, улкан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчатлар ўтқазилиб, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.
Юртимизда ҳар бир соҳада фидойилик кўрсатиб, фаол меҳнат қилган ходимлар албатта муносиб эътирофга лойиқ. “Маҳалла тизими ходимлари куни” муносабати билан юртдошларимиздан 15 нафар бухоролик маҳалла тизими фаоли “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланишди. Тадбирда Ботир Зарипов мукофотланганларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони, унинг гувоҳномасини топширди.
Қолаверса, тақдирланганларнинг барчаси сиҳатгоҳларда дам олишлари ва соғлиқларини тиклаб қайтишлари учун бепул йўлланма ва бир марталик пул мукофотларига эга бўлишди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар мазкур эътироф ўзларидаги масъулият ҳиссини янада оширгани ҳамда келгусида халқимиз манфаати, мамлакатимиз ривожи йўлида янада самарали меҳнат қилишга ундашини алоҳида таъкидлашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









