Қоровулбозор: «Навбаҳор», «Жарқоқ» ва «Бўзачи»да қовун-тарвуз экиб парваришланмоқда
2025-03-13 11:50:00 / Янгиликлар

—Ўзимизнинг томорқамизда ҳар йили турли хилдаги полиз маҳсулотларини етиштириб, йилига ўртача 80 миллион сўм қўшимча даромад оляпмиз. Томорқамизга эртапишар қовуннинг «дакара» навини экишни бошлаганмиз, пишиб етилган ҳосилни май, июнь ойларида узиб, саранжомлаймиз,—дейди «Навбаҳор» МФЙ да кўп йилдирки, қовун етиштириш билан шуғулланаётган тажрибали деҳқон Иброҳим Муҳаммедов.—Ҳудудда ҳар йилнинг февраль ойидан бошлаб қовун уруғидан экиб парваришни бошлаймиз. Бунда асосан «дакара», «кампирчопон», «кўкча», «аэропорт» каби навлар танлаб, экиб парваришланади. Серқуёш далаларимизда шу кунларда қовун билан бирга тарвуз ҳам экилмоқда.
Жорий мавсумда Навбаҳор маҳалласида «Бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида 20 гектар ер майдони айнан қовун-тарвуз экиб етиштириш учун ўз эгаларига тақсимлаб берилган. Бугунга келиб бу ернинг 4 гектар майдонида тарвузнинг «Нассо» ва «Глобал» навига мансуб уруғлари қадалган. Бу жараёнда деҳқон хўжаликларига Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши ҳамда «Туронбанк» туман филиали яқин ҳамкор, таъминотчи ва буюртмачи сифатида кўмаклашмоқда. Уч ойлик парваришдан сўнг, пишиқчилик мавсумида полизкорлар маҳсулотини бемалол уларга сотиб, нафақат сарф-харажатларини қоплашлари, моддий манфаат топишлари мумкин.
—Бизда 6 гектарга яқин дала томорқамиз мавжуд бўлиб, иссихонамизда қишки ойларда тайёрланган кўчатларни эрта баҳорда шу еримизга кўчириб ўтқазиб, парваришлаймиз,—дейди жарқоқлик намунали томорқачилардан Маъруф Ахтамов.—Қовун ва тарвузларни уруғдан кўра кўчат қилиб экиш ҳосилнинг одатдагига нисбатан 1-1,5 ой эрта пишиб етилишига хизмат қилмоқда. Бу эса оиламиз хонадонига қўшимча даромаддир.
Ишнинг кўзини билган жарқоқлик деҳқонлар ҳар йили эрта баҳорда қовун ва тарвуз кўчатларини плёнка остида етиштириб, деҳқон хўжаликларига етказиб беришни одатга айлантиришган. Масалан, шу маҳалланинг Шодлик кўчасида яшовчи Маъруф Ахтамов ҳовлисидаги атиги 2 сотихли иссиқхонасида 40 минг донага яқин қовуннинг «дакара» нави ҳамда тарвуз кўчатларини етиштириб чиқарган. Бугунга келиб у билан яқин ҳамкорликдаги хўжаликларда сара кўчат экиб парваришланмоқда.
Бугун серқуёш чўлқуварлар заминининг Бўзачи маҳалласида ҳам меҳнаткаш ва ҳалол, фидойи деҳқонлар пешона тери эвазига ризқ ундириб, эл-юрт дастурхони тўкинлигини таъминлашда муносиб ҳиссасини қўшаётган миришкор хўжаликлар талайгина. Жумладан, Иқбол Ҳайитова, Бекзод Ғаффоров ҳамда Дилором Шароповалар оилалари ёшларга ажратилган ердан самаралари фойдаланиб, ҳозирда бу деҳқон хўжаликларида ҳам қовун-тарвуз экиб етиштириш ҳаракатига киришилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








