Шофиркон: тезгузарлик миришкор Дилшод Жумаев картошкачиликда катта тажрибага эга...
2025-03-11 16:30:00 / Янгиликлар

У навқиронлик йилларидан томорқа ерини бўш қолдирмасдан, картошка, помидор, бақлажон, булғор қалампири, сабзи, пиёз, лавлаги каби сабзавот маҳсулотларини пухта етиштиришни ўрганган. Кейинчалик картошкачилик ва гулчиликни кенгайтириб, мўл ҳосил олиш тажрибасига эга бўлган моҳир томорқачи ҳосилдорликни ошириш йўлида тиним билмай изланди.
Биргина жорий йилги мавсумни олсак, Дилшод Жумаев 3 гектар майдонда Россияда кенг экиладиган, юқори ҳосилдорлиги билан танилган "Коломбия" навли картошка экиб етиштирмоқда. Бу навнинг афзаллиги шундаки, у 65 кунда пишиб етилади ва ҳар гектардан 40 тоннадан ошириб ҳосил олиш мумкин. Жумаевлар хонадони эса умумий ҳисобда уч ойлик меҳнат маҳсули сифатида 120 тоннага етказиб хирмон кўтариш ҳаракатига тушган.
— Картошканинг ҳосили яхши бўлиши учун аввало ер тайёрлаш керак. Экишдан олдин тупроққа органик ўғит солинади. Биогумус, парранда гўнги ёки маҳаллий ўғитдан фойдаланиш яхши натижа беради, чунки у тупроқни юмшатиб, ҳосилдорликни оширади. Бунда уруғлик танлашда ҳам эътибор зарур, негаки сара уруғ баракали ҳосилнинг калити,—дейди Дилшод Жумаев.—Бу йил экиш жараён
ида 10 тонна уруғлик ишлатилган бўлса, бундан олдин тупроққа 25 тонна биогумус солингани ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.
Картошка экишнинг мақбул муддати очиқ далада 10-20 февраль оралиғига тўғри келганидан фойдаландик. Албатта, картошкачиликда ҳам муҳим жиҳат бу—агротехника талабларига қатъий риоя этишдир. Қолаверса, ерни суғориш, бегона ўтларга қарши кураш ва зараркунандаларга қарши махсус ишлов бериш ҳам ҳосил сифати учун жуда муҳим.
Жумаев хўжалигида бу йилги экиш жараёнига 20 дан ортиқ ишчи жалб этилди. Техникалар ёрдамида дала ери текисланди, жўяклар тортилиб, чуқурликлар тайёрланди ва экиш ишлари рисоладагидай ўтказилди. Бунда бир хўжаликнинг сарф-харажати 200 миллион сўм атрофида бўлиб, бу маблағ уруғлик, техник хизмат ва меҳнат ҳақларига сарфланмоқда. Кўриниб турибдики, бу мавсумдаги ҳосилдан катта натижа кутилмоқда. Картошка йиғиб олингач, уни бозорда сотишдан ташқари, бир қисмини музлатгичда сақлаб, қишда бозорга чиқариш ҳам кўзда тутилган. Бу деҳқонга қўшимча даромад келтириши билан бирга, бозорда картошка тақчиллигининг олдини олишга хизмат қилади.
— Биз деҳқонлар фақат экиб-йиғиш билан чекланмаймиз. Бозорга тўғри вақтда чиқиш, маҳсулотни тўғри сақлаш технологияларидан фойдаланиш ҳам жуда муҳим. Картошка қиш ойларида қиммат бўлишини ҳам ҳисобга олиб, бир қисмини омборга жойлаштирсак, бу ҳар томонлама фойда. Қишда ҳам аҳоли дастурхонига “иккинчи нон” сифатида қадрланадиган сара маҳсулот етказиш имконига эгамиз,—дейди миришкор Дилшод Жумаев.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









