Қоровулбозор: “Бўзачи” маҳалласида ҳам аҳоли томорқаларида иш қизғин
2025-03-10 17:45:00 / Янгиликлар

Чўлқуварлар туманида ҳам гарчи саноати ва қишлоқ хўжалиги ривожланаётганига қарамасдан, маҳаллаларда меҳнат мигрантлари, муносиб иш ўрнига эга бўлмаганлар, касб-ҳунар эгаллаш пайида бўлган йигит-қизлар ҳам оз эмас. Бугун ўз тақдирига бефарқ бўлмаган фуқарога иш излаб узоққа боришига ҳожат йўқ. Негаки, маҳалланинг ўзида даромадбоп иш ва имконият етарли. Ҳудудда томорқа маданияти шаклланаётгани эса алоҳида мавзу. Ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида бугун ташвиш ва муаммоларига ечим топиб, даромадли иш билан банд фуқаролар сафи кенгаймоқда.
Бу борадаги ишларни туман марказидан 15 километр узоқликдаги “Бўзачи” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур маҳалланинг Муротобод, Аҳиллик, Барҳаёт ҳамда Навбаҳор кўчаларида бугунга келиб 790 та хонадонда 3300 дан ортиқ аҳоли вакили истиқомат қилмоқда. Томорқа ва экин ери мавжудлиги, суғоришга қулайлиги туфайли ҳудуд аҳолисининг аксарият қисми деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, аввало рўзғори тўкинлигини таъминламоқда.
Бўзачилик аҳоли, томорқа ер эгалари ихтиёрида бугун 36 гектардан зиёд хонадон ичидаги томорқа ҳамда 72 гектар дала томорқа ери мавжуд бўлиб, ҳар йилги деҳқончилик мавсумида бу ерларда сабзавот-полиз маҳсулотлари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экиб етиштириш салмоғи ошмоқда. Айни эрта баҳор мавсумида эса бу саъй-ҳаракат жонланиб, хонадонларда иш қизғин тус олган.
Жумладан, Малоҳат Темирова, Ҳамид Рашидов, Қобил Сафаров, Бобоқул Шамсиев сингари миришкорлар ҳам оила аъзолари кўмагида томорқаларини обод қилиб, мўл ҳосил олиш ҳаракатига тушишган. Қайсидир томорқада аллақачон картошка экиб бўлинган, яна кимдир ерни тайёрлаб, ағдариб экинга тайёрламоқда. Бошқа бир хўжаликда эса экин ери билан бирга ариқларни тозалаш, дарахтларни оқлаш ишлари авжида. Бунда кеч кузда “тўқсонбости” усулда сабзавот, кўкатлар экиб, бугун ҳосилини саранжомлаётган, қўшимда даромад топаётган оилалар ҳам оз эмас.
Яна бир эътиборли ҳолат, маҳалла маъмурий идораси олдида ҳам иссиқхона барпо қилинган бўлиб, мазкур экин ерида лимон буталари ва қулупнай кўчатлари ўтқазилиб парваришлаб келинади. Қолаверса, маҳаллани обод қилиш, чиройига чирой қўшиш мақсадида турфа гул кўчатлари ҳам ўстириб келинмоқда. Баҳор сеп ёйгани сари шу кунларда бўзачиликлар хонадонлари, кўчалар атрофида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини ўтқазиш ишларига ҳам эътирбор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









