Олот: "Халифа"да хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланмоқда
2025-03-07 15:15:00 / Янгиликлар

Олот тумани "Халифа" маҳалласида фаолият бошлаган маҳаллий тадбиркорлардан Наргиза Хўжаниёзова бошқараётган корхонага “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилиб, ижтимоий муҳофазага олинган хотин-қизлардан 10 нафари дастлаб ўқув марказларига жалб қилиниб чеварликни ўзлаштиришганидан сўнг ишга қабул қилинган.
Тикув корхонасида мавсумга қараб Миллий либослар тикиб тайёрлаш йўлга қўйилган. Айни пайтда малакали тикувчилар томонидан буюртмага қараб келин либослари ва аёллар кийимлари ишлаб чиқарилмоқда.
– Ходимларимизнинг 60 фоизини ишсиз хотин-қизлар ташкил этади, – дейди Наргиза Хўжаниёзова. – Биз эса қўлида тикувчилик ҳунари йўқ, аммо ишлашга эҳтиёжи бор бўлган хотин-қизларни иш билан банд қилмоқдамиз. Хотин-қизларга шу ерда иш ўргатилади. Мижозлар учун маҳсулотларни тайёр қилиб чиқаришимизгача 20 тага яқин босқичдан ўтади. Маҳсулот сифатли бўлиши учун ҳар битта босқич алоҳида назорат остида амалга оширилади. Тикиш ишлари алоҳида, дазмол, безатиш, тозалаш учун ходимлар бириктирилган.
Ушбу корхонада тикилган кийимлар Тошкент шаҳри бозорлари ва Қирғизистон ҳамда Туркманистон Республикалари бозорларига йўналтирилмоқда.








