Вобкент: Жумаевлар хонадони мотокультиватор, юк мотоциклидан сўнг “Gentra” автомашинасини харид қилди
2025-02-26 15:25:00 / Янгиликлар

Жумладан, сабзавотчилик йўналишида 12 та, картошка етиштиришда 2 та, полизчиликда 4 та, мева-боғдорчилик, резавор ҳамда сархил мева етиштиришда, парранда ва чорвачилик тармоғида жами йигирмадан ортиқ, қолаверса, анор ва анжир етиштириш, ҳовлиларда сархил навли токзорларни кенгайтиришда алоҳида хўжаликлар шакллантирилаётгани ҳам аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида банд бўлган иссиқхоначи хонадонлар моддий манфаатдорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мўъжаз томорқасини обод қилиб, ишлаб, муносиб даромад топаётган, рўзғорини бутлаб, шунинг ортидан фарзандларини ўқитиб, касб-корли бўлишларида камарбаста бўлаётган, шинам уй-жойлар қуриб, орзу-ҳавасини ушалтираётган заҳматкашлар орамизда жуда кўп. Шундайлардан бири вобкентлик, “Шанба” МФЙ Облогўй қишлоғида яшовчи Сулаймон Жумаев оиласидир. Томорқа ерида атиги 6 сотихдан иборат иссиқхона барпо қилиб, ҳар йили унда пешма-пеш сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштираётган миришкорлар меҳнати кўпларга намуна қилиб кўрсатишга арзирли.
Айтиш жоизки, Сулаймон Жумаев ҳовлисининг ҳар қарич экин еридан унумли фойдаланиб, мўъжаз боғ яратган. Томорқаси атрофида йигирма тупдан зиёд ўрик, олма, гилос, шафтоли, беҳи, анор дарахт ва буталари, яна сўлим ишкомли токзорига эга бўлса, ҳар йилги пишиқчилик мавсумида бундан олинаётган мевани чамалаш қийин эмас, албатта.
—Ҳовли этагидаги томорқамизда ҳар бири 3 сотихдан иборат иккита иссиқхона қуриб, деҳқончилик қилиб келаётган бўлсак, бирида помидор, иккинчисида картошка экиб парваришлаяпмиз,—дейди миришкор Сулаймон Жумаев.—Ҳар бир иссиқхонамизда агротехник тадбирларга қатъий амал қилиб, жами 2 тоннага етказиб сара ҳосил олиш ҳаракатидамиз. Бунда бизга ўғил-қизимиз, келинлар яқин кўмакчи. Ким қайси касб-корда эканлигидан қатъий назар, албатта, уйда иссиқхонада ишлашга вақт топади. Шунинг ортидан иссиқхонадан йилига уч маротаба ҳосил олишнинг уддасидан чиқаяпмиз. Бултур помидор ва бодрингдан жами 40 миллион сўм, картошкадан 3 тонна ҳосил олиб, даромадимиз 35 миллион сўмни ташкил этгани ҳам шундан. Ҳатто, йиллик даромадимиздан "Gentra" автомобилини сотиб олдик.
Ҳозирда ҳам Жумаевлар хонадони томорқасида оила аъзоларидан 4 нафари иш билан банд. Кимдир дарахтлар парвариши билан машғул бўлса, кимдир ер ағдариш, ўғит бериб, суғориш, яна кимдир плёнка остидаги ўсимлик парваришига қарайди. Шу меҳнат ортидан келаётган даромаддан миришкорлар ўзларига керакли мотокультиватор, юк мотоцикли ва бошқа техника воситаларини ҳам харид қилишган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати