Пешку: 15 сотих ер, 7 та иш ўрни, 500 миллион сўм даромад
2025-02-25 20:10:00 / Янгиликлар

Кўргазмали ўқув семинари қатнашчилари бугун "Ибн Сино" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир қатор миришкор томорқачилар хонадонида, иссиқхоналарида бўлишиб, иш услуби, деҳқончиликдаги иш тажрибаси, эришаётган ютуқлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Хусусан, Авдени қишлоғида яшовчи Мустақим Тошев бир неча йилдирки, ҳовлиси этагидаги экин ерида иссиқхона барпо этган, йилнинг тўрт фаслида ҳам деҳқончилик билан шуғулланиб, ердан баракали ҳосил олиш ҳадисини ўзлаштирганлардан.
Бугунга келиб Мустақим Тошев оиласи билан ишлаб, даромад олаётган иссиқхонаси майдонини 15 сотихга кенгайтирган. Соҳиби хонадон бу иссиқхонада ўтган йил мобайнида помидор, булғор қалампири, аччиқ қалампир, яна «тўқсонбости» усулидаги маҳсулотлар, кўкатлар етиштириб, яхшигина даромадга эришмоқда.
— Эрта баҳордан иссиқхонамизнинг бир қисмида аҳоли томорқачилари учун помидор, булғор қалампири ва бошқа кўчатларни етиштириб, сотамиз, – дейди Мустақим Тошев. — Шу билан бирга, ўзимиз ҳам помидорнинг серҳосил навларидан экиб, етиштириб, бир неча ойлик меҳнатдан сўнг ёз фасли бошларида ҳосилни саранжомлаб оламиз. Ундан сўнг ҳосилдан бўшаган ерни чуқур ҳайдаб, минерал ва маҳаллий ўғит билан тўйинтириб, суғориш, тупроқ унумдорлигини ошириш каби агротехник ишларини бажариб, бир муддат ерга дам берамиз. Шу тахлидда август, сентябрь ойларида яна экишни бошлаймиз. Бу даврда карам, бодринг, бақлажон, қолаверса, саримсоқпиёз, шивит, кашнич, редиска, исмалоқ каби резавор кўкатлардан етиштириб маҳалладошлар дастурхонига етказиб бермоқдамиз.
Иссиқхоначилик фаолияти қўл меҳнатини кўп талаб қилиши, ўсимликка интенсив парвариш, сув таъминоти, биологик ишловни тақозо этиши билан машаққатли ва ўзига хос мураккаб тармоқ. Қолаверса, қишки мавсум иссиқхонадаги ҳароратни бир хилда сақлаш, пишиб етилай деб қолган ҳосилни нобудгарчиликларсиз саранжомлаб олиш деҳқондан пухта тайёргарликни талаб этади. Шунга қарамасдан, Мустақим Тошев айни кунда 15 сотихли томорқасида 7 кишини ишли қилиб, улар кўмагида ўтган йилги деҳқончилик мавсумида ердан олган даромадини 500 миллион сўмдан оширишга муваффақ бўлган.
Шу ҳудудда яна бир намунали томорқа ер эгаси Ёдгор Саидовнинг ҳам ер билан «тиллашиш» маданиятига қойил қолмай илож йўқ. Миришкор йигит ўз томорқасида барпо этган 20 сотихли иссиқхонасида шу кеча-кундузда помидор етиштириш билан банд. Айтиш жоизки, рисоладагидек парваришдан иссиқхона яшнаб турибди. Хўжаликдаги беш нафар ишчи эса бўлғуси баракали хирмон тараддудида меҳнат қилишмоқда. Жамоа уч ой бурун 2,5 минг тупдан кўкартирилган карам ҳосилидан йиғим даврида 8 тоннадан ошириб хирмон кўтаришнинг ҳам уддуасидан чиққан. Бозорда сархил маҳсулот нархини мулоҳаза қилганда, улар эришадиган даромад чўғи ҳам чакана эмас.
— Пешку тумани мисолида олганда, бугунга келиб ҳудудда мавжуд маҳаллалардаги аҳоли томорқа ер эгалари 31 минг 200 дан ошиқ бўлиб, улар тасарруфида мавжуд томорқа ери 4 минг 594 гектарга етказилган,—дейди туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа–ер эгалари Кенгаши раиси Жамшид Воҳидов.—Шунингдек, ҳудудда бевосита иссиқхона ташкил қилиб, қишда ҳам баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 72 гектардан зиёд бўлиб, аксарияти 3–5 сотихдан иборат бу иссиқхоналарда 2024 йил мобайнида жами 3 минг 140 тоннага етказиб помидор, яна шунча атрофида картошка, карам, бодринг, булғор қалампири, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилган.
Умуман, ўтган йили пешкуликлар аҳоли томорқаларида етиштирилган сархил сабзавот маҳсулотлари хирмони 128 минг тоннадан кам эмас. Қувонарлиси, бунда кенгайиб бораётган Ибн Синоликлар иссиқхона хўжаликларининг ҳам баҳолиқудрат ҳиссаси бор.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









