“Бухоросувтаъминоти” АЖ 25 та замонавий махсус техника ва механизмларга эга бўлди
2025-02-20 13:50:00 / Янгиликлар

Охирги 6 йилда биргина Бухоро вилоятида Жаҳон банки кредитлари ҳисобидан Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси сув таъминотини яхшилаш бўйича қиймати 139,0 млн АҚШ доллар ҳамда Бухоро ва Когон шаҳарлари оқава тизимларини реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 55,0 млн АҚШ доллар бўлган лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик сув таъминоти 51 фоиздан 73 фоизга, оқова хизмати билан таъминланганлик даражаси 9,2 фоиздан 15 фоизга оширилди.
Мазкур лойиҳаларнинг узвий давоми сифатида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида жами 633,5 млн АҚШ доллар бўлган (1-фаза 385,1 млн АҚШ доллар, 2-фаза 248,4 млн АҚШ доллар) “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади Бухоро вилоятида 195 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1 млн 600 минг аҳолини марказлашган тоза ичимлик суви ҳамда 165 минг аҳолини марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминлашдан иборат бўлиб, бу борадаги ишлар 2026 йилда тўлиқ якунига етказилади.
Умуман, икки босқичдаги ишлар ўз якунига етказилганидан сўнг аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 95 фоизга, оқова сув хизматларини кўрсатиш 40 фоизга етади.
Лойиҳанинг харидлар шартномаси жадвалига асосан тизимдаги мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, фаолият самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида бугун “Бухоросувтаъминоти” АЖга 25 та махсус техникалар ва машина механизмлари олиб келинди.
Махсус техникалар энг сўнгги замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, истеъмолчилардаги ичимлик ва оқова сув хизматлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда, тармоқларга ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда бартараф этишда қулайлик яратади.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари иштирок этишди. Ботир Зарипов мазкур машина ва механизмлар корхонанинг моддий- техника базаси мустаҳкамлаши билан бирга истеъмолчиларга ичимлик сув етказиб бериш, оқава хизматлари кўрсатиш, лойиҳа доирасидаги ишлар сифатини яхшилаши зарурлиги таъкидлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









