Пешку: Хоркашда якка тартибдаги тадбиркор кўпаймоқда
2025-02-15 20:20:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришда молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-306-сонли ҳамда 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-366-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида айни кунда Пешкў туманида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таҳлиллардан кўринишича, тўрт йил бурун чекка туманда тадбиркорлик субъекти сони 1 минг нафардан ошиқроқ эди. Бугунга келиб чекка ҳудудда аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш, тижорат иши билан шуғулланаётган тадбиркорлар вакиллари қарийб уч бараварга кўпайган. Ишбилармон доира вакилларига яратиб берилаётган имконият туфайли айни кунда “Хоркаш” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам якка тартибда ташаббусларини амалга ошириб, аввало ўз оиласи учун даромад манбаини яратаётган уддабуронлар сафи кенгаймоқда.
Жумладан, туман ҳокимининг Хоркашдаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида ҳудудда яшовчи Наргиза Икромовага нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси учун “Халқ банки” туман филиалидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Бу сармояга замонавий андозадаги новвойхона учун зарур ускуна ва дастгоҳларни харид қилган тадбиркор “Икромова Наргиза Расуловна” ЯТТ га айланди. Айни кунда Наргиза Икромова ўзи билан биргаликда 3 нафар ишчи ўрни яратиб, даромад манбаига эга бўлди. Ҳозирда бу цехда тайёрланаётган қолипли нон, патир, ширмон кулча ва пряник маҳсулотлари харидорини топган.
Худди шундай, хоркашлик яна бир ташаббускор Отабек Аҳмадов ҳам маҳалла маъмурияти яқин ёрдами билан 25 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит сармоясига эга бўлганди. У ,,Аҳмадов Отабек Акрам ўғли” якка тартибдаги тадбиркор сифатида оилавий бизнесини йўлга қўйиб, автомобилларга чехол полик тикиб ўтқазиш хизматини таклиф этмоқда. Кичик корхонасини керакли ускуна билан жиҳозлаган йигитнинг айн пайтда маҳсулотларига талаб ошмоқда. Автомобил эгаларидан тушаётган буюртмаларни ўз вақтида ва сифатли тикиб тайёрлаб бериш учун тадбиркор уч нафар ёшни иш билан таъминлади.
Айнан Хоркаш маҳалласида истиқомат қилаётган Бобир Амонов ҳам кўпдан ўзи ўйлаб юрган ташаббусини илгари сурди. Ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида “Халқ банки”дан 20 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олган йигит ўз уйида очган устахонасида стол-стул ва мебел ишлаб чиқариш технологиясини пухта ўзлаштирмоқда.
Муҳими, шу тариқа ,,Амонов Бобир Тойирович” ЯТТ цехини зарур технология билан жиҳозлаб, оилавий тадбиркорлигига асос солган ташаббускор ҳаракати билан 2 нафар ёшнинг бандлиги таъминланмоқда. Бунда ясаб тайёрланаётган мебел маҳсулоти эса мижозларга манзур бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









