Бухоро давлат педагогика институтида хорижий тилларни ўргатиш ўқув маркази очилди
2025-02-10 12:55:00 / Янгиликлар

Ушбу марказда институт талабалари, маҳаллаларнинг банд бўлмаган ёшлари ва умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари, қолаверса, хорижий тилларни ўрганиш истаги бўлган фуқароларга чет тилларини бепул ўқитиш ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-158-сонли Фармонига биноан Бухоро давлат педагогика институтига бириктирилган 3 та, яъни Бухоро педагогика техникуми, Қоракўл педагогика техникуми ҳамда Когон туман политехникумларида ҳам институтнинг хорижий тилларни ўргатиш ўқув маркази филиаллари ташкил қилинмоқда. Бу филиалларда тингловчиларнинг чет тилини билишга доир дастлабки кўникмаларига мувофиқ гуруҳлар ташкил қилинади ва барча учун бепул ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Хорижий тилларни ўргатиш ўқув марказини фойдаланишга топшириш тадбирида университет ва институт профессор ўқитувчилари, жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар иштирок этдилар. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Шодмон Сулаймон, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаевалар ўқув маркази чет тилларни пухта ўзлаштириш иштиёқида бўлган ёш истеъдод эгалари учун яна бир қулайлик эканлигини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









