Қоракўл: Зарафшонда Олим Жумаев уй хўжалиги кўпларга ибрат...
2025-02-04 14:15:00 / Янгиликлар

—Адашмасам, бундан 20 йилча олдин, оила аъзоларимиз билан биргаликда икки сотихли ерда иссиқхона ташкил қилиб, помидор ва бодринг етиштиришни бошлаганмиз. Аввалига қизиқиш сабабли бошлаган бўлсак, секин-аста, бу йўналишга меҳрим ортиб, иссиқхоначилик ҳаётим мазмунига айланди. Ҳозир 4 та кичик иссиқхона ташкил қилганмиз ва улар ҳаммасида турли хил сабзавот-полиз маҳсулотлари билан бирга цитрус мева, лимон ва апельсин мевасини етиштириб, даромадга эга бўлмоқдамиз,—дейди Олим Жумаев.
Дарҳақиқат, Жумаевлар хонадонига кирган кишининг томорқа ва ундаги иссиқхонадан кўзи қувнайди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилмоқда. Бугун иссиқхоналарнинг бирида цитрус мевали буталар бўй чўзган бўлса, бирида гул уруғлари баравж ўсмоқда. Яна бирида помидор етиштирилаётган бўлса, бирида бодринг аллақачон ҳосилга кирган.
Водий вилоятларидан келтирилган банан дарахти кўчати ҳосилини кўрган кишида ҳавас ҳисси уйғониши тайин. Олим Жумаев томорқачилигининг устун жиҳати, эндиликда у ерида банан меваларини етиштиришни тажрибадан ўтказмоқда. Нишона ҳосил етиштирилган бўлиб, жорий мавсумда миришкор оила бундан ўртача 25 миллион сўм даромад олишни ният қилиб турибди.
Мазкур уй хўжалигида лимончиликда ҳам ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Масалан, жорий мавсумда бир туп лимон бутасидан 450 донага етказиб лимон меваси олингани ҳосил қут-баракасидан далолатдир. Бу ҳосилни килограмга чамалаганда, 90 килодан кам эмас. Бошқача айтганда, бозордаги ўртача нархдан келиб чиқсак, бир туп лимондан 2 миллион сўмдан ошиқ даромад дегани бу. Бундай кўчатлар иссиқхонада 14 туп бўлиб, эришилаётган моддий манфаатдорликни ҳисоблаш қийин эмас.
Олим Жумаев оиласи миришкорлари гул, манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштириш ортидан ҳам катта даромад олишмоқда. Иссиқхонада турли хил навли гул кўчатлари парваришланмоқда.
— Гул кўчатлари етиштириш нозик, машаққатли, лекин сердаромад иш,— дейди хонадон соҳиби Олим Жумаев.—Гул кўчатлари мавсумга қараб етиштирилади. Турли кўчатларга турлича ишлов бериб парваришланади. Бу ишни яхши билмаган киши, яхши натижага эриша олмайди. Шу боис, бу иш билан шуғулланишни истаганлар соҳанинг ўзига хос, нозик жиҳатларини пухта ўзлаштириши муҳимдир. Шундагина у бу иш ортидан катта даромад топади.
Ишни кўзини биладиган Жумаевлар хонадони яқинда маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси билан имтиёзли кредит асосида олинган инкубатор ускунасида товуқ ва бедана тухумини жойлаштириб, парранда боқишни йўлга қўйган. Ҳозирда 30 бошдан ортиқ наслли парранда ва 200 бошга яқин бедана қушлари парвариш қилинмоқда. Биргина бедана тухумини ўзидан кунига 55 минг сўмдан ошириб даромад олинаётганида ҳам меҳнат, ҳаракат бор, албатта.
Бундан ташқари, хонадон томорқасида мўъжаз боғ ҳам яратилган бўлиб, унда турли хил мевали дарахтлар парвариш қилинмоқда. Хулоса қилиб айтганда, Жумаевлар хонадони бугунги кун талаб ва эҳтиёжи, даромад манбаини теран англаган оила хўжаликларидан саналади. Томорқадан уунумли фойдаланилаётган уй хўжалигида эса мавжуд имкониятларни ишга солиш ортидан йилига 80-90 миллион сўмга етказиб даромад олинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







