Вобкент: қўқинлик миришкор Муҳаммад Шукуров иссиқхонасида лимон етилди
2025-01-28 17:35:00 / Янгиликлар

Томорқасидаги экин ери 3 сотих қисмида 40 туп лимон кўчати ўтқазган миришкор кечаю кундуз, вақт билан ҳисоблашмасдан парваришига эътиборини қаратди. Цитрус мева бутаси илдиз отиб, униб ўсганидан мамнун ишига зўр берди. Тупроқ унумдорлиги, биологик парвариш, суғориш, қишки мавсумда плёнка остидаги ҳароратни мўътадил сақлагани туфайли бугунга келиб хонадон соҳибининг машаққатли меҳнати натижасини берди. Цитрус мева фақат тропик зонада эмас, балки маҳаллий иқлим шароитида серқуёш заминдан баҳра олиб, жуда ширин таъмли етилиб пишди. Бугун боғбон йигит мўъжаз лимонзоридан мўл ҳосил олмоқда.
Бу шунчаки ҳавасга айтилган гап эмас: Муҳаммад Шукуров ўзи истиқомат қилаётган "Қўқин" маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳовлиси этагидаги иссиқхонасида ҳосилга кирган 40 тупга яқин лимон бутасидан ҳадемай 5 тоннага етказиб ҳосил олишни кўзлаб турибди.
— Очиғи, иссиқхона тупроғини тез-тез чуқур ишлов бериб, маҳсулот етилиш палласида турли зараркунандаларга қарши дорилаб турилмаса, ҳосил пайи қирқилади ва бу ердан барака қочади. Аввалига пешма-пеш бодринг, помидор етиштириб, тупроқни зарарли ҳашаротларга “олдириб” қўйганимдан кейин бир муддат “танаффус” қилишга, ерни қайта ишлашга тўғри келди,—дейди миришкор Муҳаммад Шукуров. — Меҳнатим зое кетаверганидан кейин деҳқон-боғбонлар билан маслаҳатлашиб, лимон етиштиришга қарор қилдим. Цитрус меванинг “Мayer” деган навидан топиб келиб, экиб парваришладим. Дастлабки йилларда мен фақат ниҳол-бута ўстириш билан жиддий шуғулландим. Натижасини эса икки йилдан кейин кўрдик.
Деҳқон тажрибасидан кўраяптики, ҳар бир лимон бутасидан 100 килограмдан ошириб ҳосил олиш мумкин. Цитрус мева бутаси канал суви билан суғорилиб, иссиқхона эса кўмир билан иситилмоқда. Албатта, бунинг заҳмати бисёр. Тупроқ маҳаллий ҳисобланади. Тропик мевани етиштириш учун янги технология ёки ўғит шарт эмас, бироқ, иссиқхона ҳосили айниқса, қишки мавсумда сархиллиги, дастурхон тўкинлигини таъминлаши билан тотли.
– Кўчатнинг дастлабки икки йилида лимон бутаси яхши ривожланиши учун гулларни териб, олиб ташлаш, ўсиши учун имкон бериш тақозо қилинади. Бу усулдан фойдаланилганда учинчи йили ниҳол 20 килограм, тўртинчи йили эса 50 килограм атрофида ҳосил бера бошлайди,—дейди Муҳаммад Шукуров.—Ҳар йили лимоннинг нави, меваси маҳаллий шароитда кўпайиб бормоқда. Айни пайтда биргина ўз иссиқхонамизда саранжомлаб олинаётган 3 тонна атрофидаги лимон ҳосили дастурхонимиз тўкинлиги билан бирга, оиламиз моддий манфаатдорлигини ҳам таъъминламоқда. Шунинг орқасидан набираларимизни ўқитдик, контракт-шартнома тўловларини бемалол қопладик, қолаверса, иморатлар солиб тўйлар қилмоқдамиз. Меҳнатни зиммага олишнинг маҳсули, мукофоти шу бўлса керак.
Умуман, Муҳаммад Шукуровнинг оилавий тадбиркорлиги катта даромад келтирмоқда. У оила аъзолари билан экин ери ҳар қаричидан омилкорлик билан фойдаланиб, кўзланган ҳосилни олмоқда. Албатта, бу меҳнат ва маҳсулотдан қўни-қўшни, маҳалладошлар ҳам баҳраманддирлар. Айни кунда тадбиркор иссиқхонада лимон етиштирмоқчи бўлган фермерларга қаламчадан кўкариб чиққан лимон кўчатларини сотмоқда. Бу жараёнда эса унинг ўзи бошловчи ҳаваскор боғбонларга яқин маслакдош.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






