Шофиркон: беш сотихли иссиқхона... Калонда бир оила даромад манбаига айланган
2025-01-28 09:40:00 / Янгиликлар

Айни кунда бу оиланинг 5 сотихдан иборат иссиқхонаси уларнинг даромад манбаига айланган. Бу ерда 3 сотих майдонда шу кунларда плёнка остида сабзи экиб етиштирилаётган бўлиб, ҳадемай 1,5 тонна ҳосил олиниши режалаштирилган. Қолган 2 сотихли ерда эса саримсоқпиёз экиб етиштирилмоқда. Бундан ташқари, очиқ майдонда 3 сотих ерда яна саримсоқпиёз яшнаб турибди. Умуман, бу резавордан қўшимча 1 тонна атрофида ҳосил олиш мўлжалланмоқда.
Облоқуловлар оиласи деҳқончилик билан чегараланиб қолмай, боғдорчиликда ҳам фаол. Уларнинг боғида 200 тупдан ортиқ мевали дарахт парваришланаётган бўлиб, бу оилага қўшимча даромад келтирмоқда. Қишки мавсумда ҳам дарахтларни тартибга келтириш, тагини оқлаш, ерни хас-хашакдан тозалаб, чилла сувидан қондириб суғориш, бир сўз билан айтганда, жорий йилги ҳосилга замин ҳозирлаш каби ишлар давом эттирилмоқда.
Фурқат Облоқулов ва унинг турмуш ўртоғи Зироат Саидова тўрт нафар фарзанди билан биргаликда уй хўжалигида чорвачиликни ҳам муваффақиятли олиб боришмоқда. Улар оғилхонасида 3 бош қорамол, албатта, сигит-бузоқ, яна қўй-қўзи боқиб парваришланмоқда. Бундан кўринадики, рўзғорга зарур сут, қатиқ шундан муҳайё қилинмоқда.
Муҳими, кундалик даромадли ишда банд бўлган оила аъзолари хорижий давлатдан иш излаб, овораю сарсон бўлмасдан, шу ерда, оилалари бағрида эҳтиёжларига яраша имконият яратиб, ер билан “тиллашиб”, астойдил ишлаб кам бўлишаётгани йўқ. Оила соҳиби Фурқат Облоқулов эса шу кунларда мотокультиватор сотиб олиш ҳаракатига тушган. Негаки, эрта баҳор мавсумида экин ерини обод қилиш, мўл ҳосил етиштиришга замин ҳозирлаш учун аввало яхши меҳнат қуролига эга бўлиши керак. Бу борада эса унга маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ёрдамга келди. Унинг тавсияномаси асосида Фурқат Оболоқуловга банк имтиёзли кредитини ажратишга қарор қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









