Олот: “Халифа”да Сафаровлар оиласи бройлер жўжа боқиб, катта даромадга эришмоқда
2025-01-25 13:00:00 / Янгиликлар

Бу борада Олот туманида ҳам бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, аҳоли дастурхони тўкинлиги, парҳезбоп гўшт ва тухум етиштириш ҳажми оширилмоқда. Жумладан, "Халифа" маҳалла фуқаролар йиғинида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, яхши даромадга эга бўлаётган оилалар сафи кенгаймоқда.
—Паррандани бежиз “етти хазинанинг бири”, дея аташмайди, чунки товуқ боқиб, парҳезбоп гўшт ва тухум етиштириш турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган даромад манбаи ҳамдир. Кўпчилик товуқни фермада ёки алоҳида кенг жойда боқиш фойдалироқ деб ўйлайди,—дейди миришкор паррандабоқар хонадон соҳибаси Дилобар Сафарова.—Аслида, товуқ парвариши алоҳида майдон тақозо қилмайди. Қишлоқлардаги ҳар бир хонадонда бу сердаромад бизнесни йўлга қўйиш мумкин, фақат бунга астойдил меҳнат қилинса, кифоя.
Айни кунда оиламиз билан бройлер жўжа етиштиришни бошлаган бўлсак, бу жараёнда зооветеринария, эмлаш ва озуқа рационига қатъий амал қилиб, аҳоли истеъмоли учун табиий тоза маҳсулот етиштиришга ҳаракатидамиз. Бошида бу тадбиркорлик фаолиятини 2 минг 500 бош бройлер жўжа билан бошлаган бўлсак, бундан бир ойдан кўпроқ муддатда мўмай фойдани қўлга киритдик.
Эндиликда навбатдаги “партия”дан аниқроғи, қирқ кунлик етиштириш давридан сўнг жўжалар тайёр бўлгач, бозорга чиқариб, ҳар бир килограм гўштини 28 минг сўмдан сотишни мўлжаллаб турибмиз. Жойимиз кенг ва товуқни талаб даражасида парвариш қилаяпмиз. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, 2 ойда битта бройлер жўжа боқиш учун ўртача 30-35 минг сўм харажат қилинар экан. Ҳар бир жўжа икки килограм атрофида гўшт қилса, 35-40 минг сўм даромад олишга яқинмиз. Умумий ҳисобда, икки ойда рўзғоримизга ўртача 50-60 миллион сўмга яқин фойда киритиш имконига эгамиз.
Бройлер жўжалари учун катакдаги ҳарорат асосий омил ҳисобланиб, бунда ҳароратни меъёрида сақлаш керак. Ҳарорат ўзгарганда, жўжалар орасида ўсиш ва ривожланишда тенгқурларидан орқада қолиш, иммунитет тизими тушиб кетиши ҳоллари кузатилиши мумкин. Бу эса маҳсулот салмоғига таъсир этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









