“Akbarjon Barakat” МЧЖ республика танловининг “Gender eng faol tadbirkorlik subyekti” номинацияси ғолиби
2025-01-17 22:30:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 16 январь куни пойтахт Тошкент шаҳрида “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Зеро, Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилган. Очиқ гендер маълумотлар индексида энг яхши 20 та давлат қаторидан жой олган. Гендер тенглик ва бошқарув индексида эса 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллаган.
“Гендер тенглик фаоли” миллий танловида иштирок этиш учун 934 та ташкилот ва муассаса томонидан ҳужжатлар тақдим этилган. Улар танлов Комиссияси томонидан низом талаблари асосида баҳоланиб, 10 та номинация бўйича ғолиблар эълон қилинди. Қувонарлиси, мазкур танлов ғолиблари қаторида Бухоро вилояти вакили “Akbarjon Barakat” МЧЖ ҳам бор. Мазкур ишлаб чиқариш субъекти республика танловининг “Gender eng faol tadbirkorlik subyekti” номинацияси ғолиби деб топилиб, диплом ва эсдалик совғасига эга бўлди.
Фаолиятига тўхталсак, маҳсулот экспорти билан шуғулланаётган корхоналарга кўмаклашиш мақсадида ўтган йили Когон шаҳридаги “Akbarjon Barakat” МЧЖ томонидан 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги банк кредит маблағи ҳисобидан ишлаб чиқаришга зарур хом ашё, яъни Қозоғистон республикасидан 2500 тонна буғдой олиб келиниб, конвеерга йўналтирилган.
—Фаолиятимизнинг қарийб 2,5 йиллик даврида элимиз дастурхони учун ҳар бири 50 килограмга тенг бўлган, рангли қопларда қадоқлаб чиқараётган “Volidam”, “Nur”, “Parvona” брендига мансуб биринчи навли унимиз аллақачон ўз харидорларини топди,—дейди “Akbarjon Barakat” МЧЖ раҳбари Амирбек Бозоров.—Мазкур лойиҳага келсак, бир неча йил бурун Когон шаҳрининг Хўжа барги кўчаси ёқасида, бўш ётган ердан 5,9 гектарини ўз тасарруфимизга олиб, қурилишни бошлаганмиз. Бунинг учун бизни “Қишлоққурилишбанк” вилоят филиали 2 миллион АҚШ долларидан зиёд имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватлаган. Бу сармояга буғдойни қабул қилиш тарозихонаси, қайта ишлаш цехи, омборхона қўшимча цехларни қуриб битириб, зарур ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозладик.
Корхонада ишлаб чиқариш қуввати оширилаётгани ҳисобидан ишчи сони кўпайтирилиб, 70 нафарга етказилган. Улар кучи билан кунига 120 тонна сара буғдойни қабул қилиб, қайта ишлаяпмиз. Бу дегани, корхона тегирмонида кунига 75-80 тонна атрофида биринчи ва иккинчи навли унни қадоқлаб сотувга чиқарилаётган бўлса, иккиламчи маҳсулот сифатида кепак, яна буғдой қипиғидан маҳаллаий чорвадорлар, майда шохли мол боқадиган хўжаликлар учун озуқа бирлигини тайёрлаб етказилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати