Когон: Ўба-чўлида ҳам иссиқхоначи миришкорлар сафи кенгаймоқда
2025-01-14 16:10:00 / Янгиликлар

Таҳлиллардан кўринишича, ҳозирда Когон туманида аҳоли томорқачилари 20 минг 928 нафардан кўпроқ бўлиб, улар тасарруфидаги мавжуд томорқа ери 2 минг 128 гектарга етказилган. Шунингдек, ҳудудда бевосита иссиқхона хўжалигини барпо этиб, унда йилнинг тўрт фаслида ҳам баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 20 гектардан ортиқ майдонни ташкил этмоқда. Мазкур иссиқхоналарнинг аксарияти 1–4 сотихдан иборат бўлиб, 2023 йил мобайнида асосан помидор, картошка, пиёз, бодринг, карам, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилиб, халқимиз дастурхонига туҳфа этилган.
Йил бўйи астойдил экин ерида ишлаб, керак бўлса “йўқни йўндириб”, “қаловини топиб, қорни ёндириб”, пировардида пешона тери эвазига баракали ҳосил етиштираётган аҳоли хонадонларида шу кунларда плёнка остида картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири, яна бошқа маҳсулотлар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Улар орасида лимон, апелсин, мандарин каби цитрус мева етиштиришда ҳам пухта тажрибага эгалари бор.
Ўба-чўли маҳалласида истиқомат қилувчи Мунаввар Туробова ҳам ана шундай меҳнаткаш оила вакилларидан саналади. Хонадон эгалари ҳовлидаги 15 сотих ердан самарали фойдаланиб, йил бўйи 3 марта ҳосил олишнинг уддасидан чиқишмоқда. Бунда мўъжазгина экин ерида помидор, бодринг ҳамда кўкатлар пешма-пеш етиштирилади. Ниҳоясига етган деҳқончилик йилида биргина оила экин ери ва иссиқхонасида уч марта етиштирилган сабзавот маҳсулотидан 60 миллион сўмга етказиб моддий манфаат кўрган бўлса, айни қиш кунларида плёнка остида ўстирилган исмалоқ, кашнич, шивит каби кўкатлар оилага қўшимча даромад келтирмоқда. Рўзғордан ортган иссиқхона ҳосили қўни-қўшни, маҳалладошлар дастурхонига тортиқ қилинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




