Олот: Йўлдош Одилов ота касбини улуғлаб, темирчиликда кам бўлмади...
2025-01-13 18:15:00 / Янгиликлар

Аслида, ҳар бир қишлоқда оддий сартарош, косиб-кўҳнадўз, уста дурадгор ёки шунга ўхшаш ҳунармандлар қаторида темирчига талаб ва эҳтиёж юқори бўлган. Негаки, йил бўйи дала-деҳқончилик ишлари темирчи ва унинг қўлидан чиқадиган асбоб-ускуналарисиз битмаган.
Айни кунда Буржоқда Жаббор темирчининг устахонаси чироғини ўғли Йўлдош Одилов дадил давом эттирмоқда. У ёшлигидан отаси этагидан тутиб, темирчилик ҳунарини пухта эгаллаган. Бошқача айтганда, ҳовли четидаги гавжум устахонадан кечаю кундуз сангдону темирнинг овози жаранглаб турган оиладан қандай қилиб темирчи чиқмасин ?!
—Ўтган аср саксонинчи йиллари, яъни бундан 40 йиллар бурун ўзим мустақил темир билан ишлаб, кетмон, ўроқ, пичоқ, қайчи ва бошқа турдаги ускуналарни тайёрлашни бошлаганман,—дейди уста темирчи Йўлдош Одилов.—Мана, шундан буён отам эъзозлаган ҳунарни пухта эгаллаб, маҳаллада танилдим. Шу касбим орқасидан оила боқиб, ҳалол меҳнат билан элда иззат-ҳурмат қозондим. Яхши биламизки, қишлоқ жойида иш қуролисиз яшаш жуда қийин. Бозорга ҳам кетмон, белкурак, капгир каби меҳнат қуролларини ясаб, олиб чиқиб сотишга топширамиз. Ҳар бир ускунанинг ўз мавсуми бор. Масалан, эрта баҳор экин-тикин мавсумида кетмон, белкурак ва шунга ўхшаш воситаларга буюртма кўпайса, кейинроқ ўроқка талаб ошади. Сангдонда иссиқ оловда қовжираб пишган темир билан ишлаш менга мароқли, ҳар бир болға солганда, эшитиладиган темир жаранги менга отамни эслатади.
Яхшиямки, орамизда уста темирчилар бор. Улар ясаб берадиган кетмонсиз деҳқоннинг, тешасиз устанинг, пичоқсиз ошпазнинг иши битмайди. Бугунги тезкор замонамизда ўз миллий, қадимий ҳунарларини янада мукаммаллаштириб, эл мушкулини осон қилаётган темирчиларимиз темирни қизиғида босиб, ўз меҳнатларидан шараф топиб юраверсинлар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









