Вобкент: қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилади
2025-01-11 17:30:00 / Янгиликлар

Туманда 10 минг гектар ерда саноат учун қимматбаҳо пахта хом ашёси етиштирилаётган бўлса, шундан айни кунда бевосита пахтачиликда банд бўлган 300 тадан ортиқ фермер хўжалиги кўзланган «оқ олтин» хирмонини барпо этиб, моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Шартномага кўра кеч кузда туман пахтакорлари барпо қилган «оқ олтин» хирмони салмоғи 39 минг 800 тоннадан оширилгани қайта ишлаш ва тўқимачилик тармоғи ривожига, хўжаликлар модий манфаатдорлигига хизмат қилмоқда.
Ҳозирда туман ёшларига ажратилган, умумий майдони 1415 гектар майдондаги деҳқон хўжалиги ва 100 гектардаги сабзавотчиликка ихтисослашган хўжаликларда сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётгани ҳисобидан хонадонларда рўзғор эҳтиёжи қондирилмоқда.
Ҳар йилги мавсумий агротехник тадбирларга мувофиқ, туманда ғалла ҳосилидан бўшатилган ер майдони 531 гектарида сабзи, 310 гектарида сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштирилади. Худди шундай, маккажўхори дони учун 1050 гектар, мойли экинлар учун 392 гектар, дуккакли маҳсулотлар етиштиришга 1000 гектар, қизил лавлаги етиштиришга 220 гектар, тариқ етиштиришга 1200 гектар ер майдони ажратилган ва деҳқон хўжаликлари, томорқачилар томонидан амалий иш бошланган.
Ҳудудда буғдой етиштирилган контурларнинг жами 6 минг 199 гектар ер майдонида такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини экиб парваришлаш, пировардида элимиз дастурхони тўкинлиги учун эҳтиёжга яраша сабзавот-полиз маҳсулотлари билан бирга 900 гектардан ошиқ ерда чорва мажмуаси учун талаб қилинаётган заҳира тайёрланмоқда. Шу кунларда эса туманда ҳам кеч кузда «тўқсонбости» усулида 2 минг 493 гектар майдонга экиб етиштирилган сабзавот ҳосилини саранжомлаш жараёни бормоқда.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жумладан, вилоятимизда дала четлари ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тизимини такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий қилинмоқда.
Куни кеча туман ҳокимлигида мазкур ПҚ-465-сонли қарор мазмун-моҳияти ва унинг жумладан, Вобкент туманидаги ижросига доир йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳудуддаги фермер хўжалиги раҳбарлари, агрокомплексга тегишли мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларига вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Самандар Эргашев, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Отабек Мухторов, туман ҳокими ўринбосари Озод Нўкаровлар атрофлича тушунтириш ва йўл-йўриқ бердилар.
Юқоридаги қарор ижроси юзасидан «Аму-Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси, вилоят Агросаноатни ривожлантириш бошқармаси, вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармаси, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши, Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, вилоят марказий банки ва бошқа дахлдор ташкилотлар зиммасига қатор аниқ вазифалар юкланган.
Шунингдек, дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилишни мувофиқлаштириш бўйича вилоят Ишчи гуруҳи тузилгани мақсадга мувофиқдир.
Таъкидланганидек, хўжаликларга ички фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилиши, дала четларига экилган «ин-витро» усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир мевали пайвандтагли кўчатга 25 минг сўмдан ошмаган ҳолда Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан белгиланган тартибда субсидия ажратилиши бўйича тушунтиришлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









