Бухоро тумани: соҳибкорликлар майиз етиштиришда ҳам илғор
2025-01-09 19:30:00 / Янгиликлар

Эрта баҳорда ток очишдан бошлаб, токзорни парваришлаш, суғориш, қайси пайт ўғит бериш, қандай қилиб хомнарт қилиш, ҳосилга киргандан кейин қанақа эътибор керак, хуллас, барча агротехник жараённи яхши билишади.
Аниқроғи, ўтган йили Соҳибкор маҳалласида турли навга мансуб узум етиштирилган токзор майдони 300 гектарни ташкил этгани юқоридаги фикримиз далили. Меҳнаткаш аҳоли эса кенг дала майдонларида эрта баҳордан кеч кузга қадар боғ иши, узум етиштириш билан машғул. Чунки, аксарият аҳолининг асосий даромад манбаи ана шу деҳқончилик ортидан, токзор даромади, узум ва майиз етиштиришдандир.
Маҳалланинг Чарос қишлоғида яшовчи Анвар Шарипов қарийб 30 йилдирки, оилавий тарзда боғ-токзор парвариши, узумчилик ва майиз тайёрлаш билан шуғулланади. Оиланинг асосий даромади бўлган токзор боғда эса ҳатто қишда ҳам зарур агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилмоқда.
— Маҳалламиз узум етиштиришга ихтисослашган, қариндошларимиз боғдорчиликда банд бўлганидан биз ҳам ёшлигимиздан узумчилик билан машғул бўлиб, айни кунда боғимизни кенгайтиряпмиз. Шу туфайли ҳосилни саранжомлаганимиздан кейин қишки мавсумда майиз тайёрлашни йўлга қўйдик, – дейди Анвар Шарипов. — Узумни ўзини сотишдан кўра, бироз меҳнати оғир бўлсада, майиз қилиб сотиш фойдалироқ эканини тушуниб етганмиз. Яхши меҳнат қилинса, узумнинг нави яхши бўлса, суви ва ўғитини ўз вақтида бериб, парваришлаб турилса, 1 гектар узумзор ҳосилидан тайёрланган майиздан 90 миллион сўм атрофида даромад топиш мумкин.
Умуман, ҳозирда Бухоро туманида фаолият юритаётган 300 дан ортиқ фермер хўжалигида дала четлари, ер майдони атрофлари, ариқлар бўйини обод қилиб, сабзавот-полиз маҳсулотлари, мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазиш билан бирга, албатта, ток кўчатларини экиб кўпайтириш талаби қўйилган. Ҳозирда бу туманда 3 минг 155 гектар боғ-токзор парваришланаётган бўлса, шундан 2 минг 47 гектарини мевали боғ, 1 минг 108 гектарини эса токзор ташкил этмоқда. Бораётган саъй-ҳаракатга кўра, узумзор боғ сатҳи кенгайтирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







