Олотда туман мудофаа ишлари бўлими маъмурий биноси фойдаланишга топширилди
2025-01-08 20:10:00 / Янгиликлар

Туман марказидаги “Бунёдкор” МФЙ да мудофаа ишлари бўлими маъмурий биноси мукаммал таъмирдан чиқарилди. Мазкур бино ўтган аср олтмишинчи йиларида қурилган бўлиб, ўтган даврда бир неча бор реконструкция қилинган, сўнги йилларда бутунлай таъмирталаб кўринишга келганди. Шу боис, ниҳоясига етган йил ёз ойларида мазкур иншоот мукаммал таъмири учун 1 миллиард сўм маблағ молиялаштирилиб, пудратчи субъект, Суннатилло Мадатов бошчилигидаги “Xumin universal stroy” МЧЖ бинокорлари томонидан капитал реконструкция ишлари олиб борилди.
Бугунга келиб икки қаватли замонавий қиёфадаги, талаб даражасида жиҳозланган ўқув-машғулот, навбатчилик, чақирув пункти ва бошқа маъмурий хоналарига эга мудофаа ишлари бўлими биноси қайта чирой очди. Бугун олис туманда ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек хайрли мақсадга хизмат қиладиган янги иншоотни фойдаланишга топшириш тадбири бўлиб ўтди. Унда ҳарбийлар, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, туман ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Жанубий-Ғарбий махсус округи қўмондони, генерал-майор Фарҳод Шерматов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Ахмедов, нуронийлар вакили Саидқули Оқиев ва бошқалар барчани арафадаги 14 январь—Ватан ҳимоячилари куни ва шу муносабат билан замонавий кўриниш ҳосил қилган иншоот билан самимий табрикладилар. Бу маъмурий иншоот юрт корига камарбаста фарзандлар, жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қодир ҳарбийларни етиштириб чиқаришга хизмат қиладиган восита эканлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, сўз олганлар миллий армиямиз куч-қудрати, унда яратилаётган кенг имкониятлар, ёшларни баркамол улғайишида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталдилар. Маълумот учун, биргина якунига етган йилда туман мудофаа ишлари бўлими томонидан 135 нафар олотлик йигит муддатли ва 350 нафар навқирон ўғлон шартнома асосида муқобил ҳарбий хизматга чақирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









