Вобкент: Мақсуда Ҳожиева оиласи тухум етиштириб "Damas" автомашинасига эга бўлди
2025-01-08 17:00:00 / Янгиликлар

Томорқа маданияти, чорвачилик билан бирга паррандачилик ривожланаётган ҳудудлардан бири “Ниёзхўжа" маҳалла фуқаролар йиғинидир.
асалан, Мақсуда Ҳожиева хонадони астойдил товуқ боқиш истагини билдиргани боис, маҳалла томонидан бу ташаббус қўллаб-қувватланиб, хонадон соҳибига 100 бош товуқ олиб берилган эди. Орадан уч йил ўтиб, бу манзилда парваришланаётган товуқ сони 500 бошга етказилгани қувонарли, албатта. Сердаромад тармоқ ўзига хос нозик ёндашувни тақозо этади. Миришкорлар мутахассис-зооветеринарлар билан маслаҳатлашиб, парранда учун зарур кундалик озуқа рациони ва эмлашларига эътибор қаратишгани шундай самара бермоқда.
— Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида парранда боқиш учун зарур тавсиялар ишлаб чиқилгани бизга ҳам тайёр дастур вазифасини ўтаб, бу тажрибага таяниб кам бўлмадик,—дейди хонадон соҳиби Анвар Гадоев. — Ҳозирда товуқларимиздан кунига 450 донагача тухум олишга эришмоқдамиз. Буни моддий ҳисоб-китоб қилсак, кунига қарийб 500 минг сўм даромад дегани.
Уч йил мобайнида мазкур оилада уч аъзосининг бандлиги таъминланган бўлса, улар моддий манфаатдорлигидан ташқари, қўлга киритилаётган даромад ҳисобидан "Damas" автомашинаси ҳам харид қилинган. Шаксиз, бу натижага ўз-ўзидан эришилмайди. Парранда етилиши ва ривожи учун баҳор, ёз фасллари қулай муҳит бўлиб, парвариши пухта бўлса, кеч кузга бориб тухумга киради. Бунгача эса жониворларни турли касалликлардан асраш учун эмлаш, дезинфекциялаш талаб қилинади.
Албатта, зотдор товуқ сертухум бўлади. Мавжуд имкониятдан фойдаланиб, Мақсуда Ҳожиева хонадонида ҳам келгусида паррандани кўпайтириб, оилавий корхона маҳсулдорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш, қўшимча иш ўринларини яратиш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





