Шофиркон: “Муҳаммадали” спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди
2025-01-04 11:30:00 / Янгиликлар
Ўсиб-улғайиб келаётган баркамол ўғил-қизни жисмонан ва руҳан чиниқтириш, спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, ёшларни ҳар жиҳатдан соғлом, маънавий баркамол этиб тарбиялаш мақсадида Шофиркон туманида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.

Бир пайтлар қишлоқ хўжалиги техника парки сифатида фойдаланиб келинган собиқ "Машъал" МТП биноси ўрнида эндиликда замонавий "Муҳаммадали" спорт мажмуаси барпо қилингани ёш спортсеварлар учун кўпдан кутилган воқеа бўлди.
Ушбу лойиҳа учун 400 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, 3 минг квадрат метрни эгаллаган майдонда спорт мажмуаси бунёд этилди. Спорт мажмуаси Шарқ яккакурашларидан айнан дзю-до спорт тури билан шуғулланувчи ёш спортчилар учун мўлжалланган бўлиб, бир пайтнинг ўзида 40 нафар ёш кураш билан мунтазам шуғулланиши мумкин. Залда қулай шароитда машғулот ўташ учун талабга жавоб берадиган ювиниш-кийиниш хоналари, душ ва бошқа ёрдамчи хоналар мукаммал таъмирланган ва зарур инвентарлар билан жиҳозланган.
Бунда ёш спортсевар курашчилар тажрибали мураббий Холмурод Раҳмонов бошчилигида дзю-до билан астойдил шуғулланишлари мумкин. Айтиш жоизки, шу кунга қадар мураббийнинг шогирдлари билан қўлга киритиб келаётган натитжалари ҳам эътирофга лойиқ. Хусусан, 2023 йилда унинг шогирдларидан Мироншоҳ Насриддинов, Ашурбек Ражаббоев ва бошқалар вилоят ва ҳатто, республика миқёсидаги мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб, туман шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда.
Янги йил байрами кунларида "Муҳаммадали" спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилгани спортчи ёшлар учун муносиб совға бўлди. Очилиш маросимида туман ҳокимлиги мутасаддилари, фахрий спортчилар, маҳалла фаоллари иштирок этиб, ёш спортчиларга муваффақиятлар тилашди. Рамзий алвон лента қирқилгач, меҳмонлар спорт мажмуасида яратилган шарт-шароит билан танишдилар. Эътироф қилинганидек, мазкур спорт мажмуаси ёш истеъдодли спортчилар учун янги марралар сари йўл очади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









