Қоракўлда реконструкция қилинган «Мурувват» эркаклар интернат уйи фойдаланишга топширилди
2024-12-27 15:45:00 / Янгиликлар
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги «2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан вилоятимизда ҳам қатор ижтимоий соҳа иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, муассасалар моддий-техник имкониятлари яхшиланмоқда.
Қоракўл туманидаги "Мурувват" ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйида ҳам 244 ўринли мавжуд бино-иншоотларини мукаммал таъмирлаш ва унда қўшимча 156 ўринли бино қуриш ва жиҳозлаш ишлари юқоридаги қарорга мувофиқ бошланганди.
Бунда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжениринг компанияси» ДУК буюртмачилигида лойиҳа-смета ҳужжатлари "БУХОРО КЎПРИК ТРАНС СEРВИС" ХК ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган. Инвестиция дастури асосида мазкур лойиҳа учун қиймати 34 миллиард 742 миллион сўм маблағ ажратилиб, бу манзилда қурилиш-таъмирлаш ишлари пудратчи «ГИЖДУВОН ГОВШУН МАХСУС ҚУРИЛИШ МОНТАЖ» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Қувонарлиси, эски муассасанинг бўш ер майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда икки қаватли 4 та блок, бир қаватли меҳмон уйи, реабилитация, спорт зали, фаоллар зали ва ошхона қуриб битказилгани кўпдан кутилган янгилик бўлди.
Халқимизга хос меҳр-шафқат ва бағрикенгликнинг ёрқин намунаси сифатида бугун олис туманда "Мурувват" ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйининг янги иншоотини фойдаланишга топшириш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, барчани Янги йил айёми билан самимий муборакбод этар экан, инсон ва унинг ҳаёти, қадр-қиммати, эркинлиги, шаъни, бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган мамлакатимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигини алоҳида эътироф этди.
Айниқса, янги йил байрами арафасида умрини беназир неъмат билиб, ҳамиша яхшиликка юзланган, сабр-матонат билан ўз мақсад ва муддаолари йўлида интилиб, шукроналик билан яшаётган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш, улар турмуш шароитларини яхшилаш хайрли ва эзгу иш экани таъкидланди. Зеро, инсон бу дунёга, аввало бахтли яшаш учун келади, бироқ, ўз эзгу мақсадларининг рўёби учун курашиб яшаш, бор куч ва иродаси, тафаккурини ана шу мақсад йўлида сафарбар этиш, кучли ижтимоий масъулият туйғуси билан яшаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу маънода, тафаккурни, ботиний куч-қудратини эзгу йўлда сарфлаётган мурувват уйи аъзолари сингари енгилмас ирода соҳибларининг жасорат ва матонати барчамиз учун ҳамиша ибрат бўлиб қолади.
Шундан сўнг, муассасанинг янги иншооти рамзий лентаси қирқилгач, меҳмонлар унда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати