Сарҳисоб: вилоят ММТБ фаолияти оммавий ахборот воситалари нигоҳида
2024-12-26 22:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда бошқарма бошлиғининг ўринбосари Бахтиёр Тўев ва Ҳидоят Жумаевалар томонидан кенг қамровли фаолият, вилоят шаҳар ва туманларидаги таълим даргоҳлари моддий-техник имкониятлари, ўқитиш услуби, қўлга киритилаётган ютуқлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Айтиш жоизки, якунланиб бораётган 2024 йил халқ таълими тизимида республикада ўз ўрни ва мавқеига эга Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси учун ҳам самарали давр бўлди.
Жумладан, мактабгача таълим тармоғини олсак, айни пайтда вилоятимиздаги мавжуд 2 143 та мактабгача таълим ташкилотидан 492 таси давлат, 1517 таси оилавий, 113 таси давлат хусусий шериклик асосидаги ва 21 таси хусусий таълим ташкилоти ҳисобланади. Жорий йилда жойларда аҳоли талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб давлат мактабгача таълим ташкилоти сони 17 тага, оилавий МТТ сони 265 тага, ДХШ асосидаги таълим ташкилоти сони 16 тага, хусусий МТТ сони эса 3 тага ошгани қувонарли, албатта.
Мазкур мактабгача таълим ташкилотларига вилоятимиз аҳолисининг 3-7 ёшдаги жами 156 минг 695 нафар жажжи фарзандидан айни кунда умумий ҳисобда 135 мингдан ошиғи, яъни 86 фоизи қамраб олинмоқда. Айтиш жоизки, жорий йилда чекка маҳалла ва қишлоқларимизда боғча ёшидаги жажжи ўғил-қиз учун қўшимча 7 минг 683 нафар бола ўрни яратилди. Умумий қиймати 44 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилган мазкур лойиҳалар натижасида 1 минг 170 нафар тарбияланувчи доимий бандлиги таъминланмоқда. Янгидан ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 4 минг 966 нафар қўшимча бола ўрни яратилди.
Бугунга келиб вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида жами 11 минг 383 нафар педагог-тарбиячи фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 4 минг 955 нафари, яъни 43 фоизи олий, 6 минг 428 нафари, яъни 56 фоизи ўрта махсус маълумотли педагоглардан иборат.
Жорий йилда мактаб таълими тизимида эришилган натижалар ҳам анча салмоқдор. Таҳлилларга назар солсак, айни кунда вилоятда 546 та давлат ва 32 та нодавлат умумтаълим мактаби фаолият юритаётган бўлиб, уларда жами 333 минг 284 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Вилоятимиз умумтаълим муассасаларидаги педагоглар сони 30 минг 645 нафарни ташкил этиб, уларнинг 5 минг 742 нафари, яъни, 18,7 фоизи олий, 8 минг нафари ёки 26 фоизи биринчи тоифали кадрлар ҳисобланади.
Шунингдек, янги тартибдаги оммалаштириш платформаси орқали 370 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси туман, 115 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси вилоят, 14 нафар ўқитувчининг иш услуби республика миқёсида оммалаштирилмоқда. Эътиборлиси, бугун мактабларда фаолият юритаётган рус тили, она тили, математика, информатика, физика, кимё, биология, география фани ўқитувчиларининг 3 минг 918 нафари фанни билиш бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга. Айни пайтда 1 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдорда ойлик маош олаётган ўқитувчилар сафи 240 нафардан ошди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 130 нафарга кўп демак.
Таълим сифатини оширишда ўқитувчиларнинг малакасини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Мактабларда хорижий тилларни ўргатишда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда мавжуд хорижий тил ўқитувчиларининг 2 225 нафари, яъни 74,2 фоизи халқаро ҳамда миллий сертификатга эга. Бу салмоқ ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ошгани билан аҳамиятли.
Тизимда илғор халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш, янги замонавий таълим методикаларни жорий этиш мақсадида жорий йилда Корея, Россия ва АҚШ давлатларидан 10 нафар хорижий педагог таълим жараёнига жалб қилинди. Шунингдек, 29 нафар маҳаллий педагог ва 5 нафар раҳбар ходим Германия, Франция, Корея давлатларида малака ошириб қайтдилар. Президент соврини учун ўтказилган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлган Вобкент туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби жамоаси Германия ва Швейцарияда таълим саёҳатида бўлиб қайтишди.
Бундан ташқари, турли хорижий олийгоҳлар ва ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилиб, ўқувчиларимиз ҳам хорижда таълим саёҳатларида бўлиб қайтишди. Бухоро шаҳридаги 19- ва 42-сонли мактабларнинг бир гуруҳ ўқувчилари Кореяда, 4-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари Германияда бўлишди.
Ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасалари моддий-техник инфратузилмасига келсак, жорий йил Инвестисия дастури асосида вилоятдаги 39 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлиб, бу жараёнда 1 та янги мактаб қурилиб, 34 тасида реконструкция, 4 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган. Бу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 9 минг 880 ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги ўқув бинолари, 8 та спорт зали ва 222 ўринли ётоқхона фойдаланишга топширилди. Бунинг учун 244 миллард 400 миллион сўм маблағ ажратилган.
Пресс тур давомида иштирокчилар масъуллар ҳамроҳлигида вилоят марказидаги 11- ва 76-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида, шунингдек, 2-сонли умумтаълим мактабида бўлдилар. Матбуот анжумани давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









