Бухорода ҳам “Президент арчаси” байрам тадбири ўтказилди
2024-12-25 12:55:00 / Янгиликлар
Вилоят мусиқали драма театрида анъанавий “Президент арчаси” тадбири бўлиб ўтди. Байрам дастурига вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, чин етим ва ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болалар, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ва эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.

Юртбошимизнинг келажагимиз эгаларига кўрсатаётган меҳр-эътибор ва ғамхўрликлари ҳамда юртимиздаги болажонликнинг ёрқин ифодасини ўзида намоён этган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, Президентимизнинг болажонларга йўллаган Янги йил байрами табригини ўқиб эшиттирди. Ўқишларига омад тилар экан, уларни янги ва юксак марраларни забт этишга ундади.
Болаларга “Президент совғалари” топширилди. Ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат туҳфадан ўғил-қизларнинг кўнгли шод бўлди. Вилоятдаги 597 нафар болага мўлжалланган “Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 15 турдаги ширинликлар, 12 номдаги ўқув қуроллари, юмшоқ ўйинчоқлар ва бошқа совғалар киритилган. Шунингдек, 12 ёшдан катта тарбияланувчилар учун тайёрланган совғалар таркибидан велосипед ва самокатлар ҳам ўрин олган.
Шундан сўнг, “Президент арчаси” ўрнатилган катта саҳнада маданий байрам тадбири бошланди. Қорбобо ва қорқиз иштирокида вилоят театри ижодий жамоасининг меҳр-оқибат, эзгуликнинг ёвузлик устидан ҳамиша ғолиб чиқиши, инсон фарзанди доимо яхшилик ва хайрли ишларга интилиб яшаши ҳақида ҳикоя қилувчи эртак-спектакл намойиш қилинди. Байрамона безатилган арча атрофидаги шўх қўшиқ, тарона ва рақслар, болажонларга олам-олам қувонч, шодлик ва ҳаяжон, кўтаринки кайфият бағишлади.
Нафақат вилоят маркази, балки ҳар бир шаҳар ва туманда янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган “Президент арчаси” тантаналари ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини кенг қамраб олган ҳолда зўр уюшқоқлик билан ўтмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









