Хорижий инвестиция: Бухоро делегацияси Хитойда
2024-12-18 14:35:00 / Янгиликлар

Топшириққа мувофиқ, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ризо Асадов бошчилигидаги делегация шу кунларда Хитойда бўлиб турибди.
Делегация дастлаб Гуандун провинцияси йирик компания раҳбарлари билан янги йўналишларда истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ўтказилган учрашувларда иштирок этди.
Дастурга кўра, Гуанджоу шаҳридаги «Pengkai Environment Technology Corp.» компаниясининг иш фаолияти билан яқиндан танишилди. «Pengkai Environment Technology Corp.» кенг қамровли ускуналар ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, унинг бош офиси Гуанджоу шаҳридаги Паню Тианъан энергия тежовчи фан ва технология паркида жойлашган.
Компания "Blue Moon", "GDH Water", "Everbright Water", "CNOOC", "British BP", "Wang Laoji", "Central Asia Aluminum", "Guangzhou Metro", "Zhongyuan Middle School" ва бошқа юзлаб сувни тозалаш лойиҳалари бўйича шартномалар имзолаган.
Компания маҳсулотлари Хитой бўйлаб фойдаланувчилар ва 40 дан ортиқ бошқа мамлакатлардан келган мижозлар томонидан сотиб олиниб, юқори баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, компания оқова сувларни тозалаш бўйича муҳандислик соҳасида бой тажрибага эга гуруҳни шакллантирган. Сувни тозалаш ускуналари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича янги материалларни ишлаб чиқиши юқори технологияларга асосланган бўлиб, халқаро илғор даражага эга. Ушбу тадқиқотлар, ишланмалар ва маҳсулотлар нафақат сезиларли иқтисодий фойда келтиради, балки катта ижтимоий аҳамиятга эга. Ушбу маҳсулотлар инсонларнинг соғлиқ эҳтиёжларини қондириш билан бирга, юқори технологиялар ёрдамида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сиёсатига ҳам мос келади.
Компания президенти Ванг Гуобин билан ўтказилган учрашувда икки томонлама стратегик шерикликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ризо Асадов вилоятнинг иқтисодий ривожланиш ҳолати, мавжуд имкониятлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида тўхталди.
Ванг Гуобин вилоятдаги қулай бизнес муҳити ва хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар унда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқариш соҳаларида ҳудуд салоҳиятини юқори баҳолаб, Бухорога Гуандун провинциясидан инвесторларни жалб қилишда амалий кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашувда Бухоро вилоятида оқава сувларни қайта ишлаш орқали қишлоқ хўжалигида ҳамда саноатда фойдаланиш, сувни қайта ишлаш ускуналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Компания раҳбари томонидан ушбу таклифга катта қизиқиш билдирилиб, 2025 йилнинг биринчи чорагида Бухоро вилоятига ўрганиш ишлари олиб бориш учун ташриф буюришга келишилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



