Олот: "Nuraziz textile" ва "Zebiniso kids" тикувчилик корхоналари имкониятларини оширмоқда
2024-12-13 17:45:00 / Янгиликлар
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "Nuraziz textile" ва "Zebiniso kids" тикувчилик корхоналарида айни кунда 70 нафар чевар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Ҳолбуки, улар яқин-яқингача моддий эҳтиёжманд оилаларнинг вакиллари эди. Эндиликда эса моҳир тикувчилар қўлидан болалар ва катталар учун замонавий кийимлар тикиб тайёрланаётгани баробарида, ўнлаб оиланинг моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.

Шу ўринда, экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий хом ашё ва ресурслар негизида ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш саноатнинг муҳим вазифаси экан, бунда Олот туманида ҳам қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Жумладан, "Ёш ботир" МФЙ даги касб-ҳунар мактабида фаолият олиб бораётган "Nuraziz textile" МЧЖ ҳам бугунга келиб 45 кишилик меҳнат жамоасига айланиб, ўзининг тайёр маҳсулотлари билан вилоятимиз ва республикамизда, ҳатто, қўшни Туркманистон республикасида ҳам харидорини топган корхоналардан.
Корхонада айни кунда 12 турдан ортиқ аёллар ва эркаклар спорт кийимлари, болалар кийим-кечаги, махсус коржомалар тикиб тайёрланмоқда. Тайёр маҳсулотларнинг асосий қисми қўшни Туркманистон бозорига чиқарилмоқда. Ишчи хизматчиларга ўртача 2,5-3 миллион сўм ойлик маош тайинланган.
Замонавий андозадаги, хилма-хил маҳсулотлар сифати ва кўриниши, бошқа тикув фабрикалардан қолишмайдиган рақобатбардошлиги билан ажралиб турибди. Муҳими, айни кунда ишни барқарор ташкиллаштириб, буюртмаларни сифатли тикиб тайёрлаш билан банд чеварлар жамоаси меҳнатига яраша моддий манфаатдор бўлмоқда.
Ҳозирда мавжуд имкониятларни кенгайтириш, касб-ҳунар мактаби билан цех фаолияти узвийлигини таъминлаш, яъни тикиш-бичишни ўрганган ҳар бир қиз шу ерда фаолият олиб бориши кераклиги устида бош қотирилмоқда.
"Жайхунобод" маҳалласидаги 9-сон умумтаълим мактабида фаолият олиб бораётган "Zebiniso kids" МЧЖ эса айни кунда 25 та замонавий русумдаги “Jack” русумли тикув машинаси ва матога безак берувчи “оверло” ва бошқа ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бунда бичувчи, дазмол босувчи, қадоқловчилар билан бирга ўттизга яқин чевар болалар учун трикотаж маҳсулотларини тикиб тайёрламоқда.
Таъкидлаш жоизки, тадбиркор аёл Дилноза Сайлиеванинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 50 миллион сўмга тенг грант маблағига лойиқ топилгани корхона фаолиятига замин яратди.
Қувонарлиси, "Zebiniso kids" МЧЖ кўп йиллардан бери барқарор фаолият олиб бормоқда. Мутасаддилар эса буюртмалар орқали маҳсулдорликни ошириш, ишчи ўрнини кўпайтириш, албатта, бундан қўлга киритиладиган даромадни ошириш ҳаракатидалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






