«Ўзбекистон – 2030» стратегияси мазмун-моҳиятига бағишланди
2024-12-06 15:05:00 / Янгиликлар
Кенг жамоатчиликка яхши маълумки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 21 февраль куни «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 37-сонли Фармони тасдиқланган. Мазкур дастурий ҳужжат мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Мазкур Фармон билан тасдиқланган Давлат дастури 5 та устувор йўналишни ўзида мужассам этган бўлиб, жами 100 та муҳим мақсадни илгари суради. Шундан, 44 та мақсад—ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишга, 17 та мақсад—барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга, 12 та мақсад—сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга, 16 та мақсад—қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга, 11 та мақсад—«Хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Бу борада Давлатимиз раҳбариниг 2023 йил 11 сентябрдаги 300-сонли қарорига мувофиқ Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини Бухоро вилоятида сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, шу асосида вилоят ҳокимининг 2024 йил 6 январдаги тегишли қарори ҳам қабул қилинган.
Бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилиш юрт равнақи учун стратегик аҳамиятга эга юқоридаги Фармон мазмун-моҳияти ва унинг вилоятимиздаги ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди. Тадбирда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шерзод Бахронов, вилоят ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси Завқиддин Аслоновлар маърузалари тингланди.
Таъкидланганидек, юқоридаги Фармон ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг 2024 йил 2 мартдаги тегишли қарори қабул қилинган. Қарор ижроси доирасида жорий йилга мўлжалланган 5 та йўналиш, 72 та мақсадни ўз ичига олган 138 та банддан иборат йўналишлар кесимидаги амалий тадбирлар режалари, шунингдек, 12 та мақсадни ўз ичига олган 14 та банддан иборат
йўналишлар кесимида ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларидан иборат Бухоро вилояти дастури тасдиқланган.
Шу билан бирга йил давомида, доимий, мавсумий, мумтазам ва режа асосидаги топшириқлар ижроси бўйича ҳам монитринг йўлга қўйилган. Бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида белгиланган муддатларда Адлия вазирлиги, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига тегишли маълумотлар киритиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









