Вобкент: Муҳиба Холова оиласи иссиқхонани кенгайтириш ҳаракатида
2024-12-04 11:05:00 / Янгиликлар

Чоғроққина экин еридан йилда уч мартагача ҳосил олиш ҳадисини ўзлаштирган миришкор оилалар кўп. Помидор, бодринг, картошка, пиёз, карам, ошқовоқ ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, “тўқсонбости” экинлар, қолаверса, қишки мавсумда ҳам исмалоқ, кўкат етиштириб мўмай фойда олиш, айниқса, эрта баҳордан аҳоли томорқалари учун иссиқхоналарда кўчат етиштириб сотиш кенг урфга айланган.
ундай кезда шакаркентликларнинг ярмидан кўпи помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон, қулупнай каби маҳсулот кўчатларини тайёрлаб, етиштириб чиқармоқда. Кўп йилдирки, бу ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқлар миришкорлари нафақат ўзларида, балки қўшни туманлардан келадиган харидорларга ҳам сабзавот маҳсулотларини сотиб, меҳнатларига яраша фойда кўришмоқда.
Туманда томорқадан самарали фойдаланиб, оила фаровонлиги, бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган миришкор томорқачи ва деҳқон хўжаликлари фаолияти республика масъуллари, ишчи гуруҳи томонидан мунтазам ўрганилиб, Шакаркент маҳалласи тажрибасини оммалаштириш чоралари кўрилмоқда.
“Шакаркент” МФЙ раиси А. Асадовнинг билдиришича, ҳудудда томорқа маданияти шаклланиб бораётгани уй хўжаликларида маҳсулот етиштириш орқали тадбиркорликка дадил қадам бўлмоқда. Зеро, айни кунда маҳалладаги ҳар икки хонадоннинг бири иссиқхонасига эга бўлиб, йилнинг тўрт фаслида сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Муҳиба Холова ҳам тажрибали соҳибкорлардан. У атиги икки сотихли иссиқхонасида шу кунларда “Рекорд” навига мансуб 500 тупдан ортиқ бодринг кўчати ва “Меер” навли лимоннинг 40 тупини ўтқазиб парваришламоқда. Томорқанинг бир сотихдан ортиқ ерида кўк пиёз ва саримсоқпиёз, турли кўкатлар ҳам экиб етиштирилмоқда.
— Тижорат банкидан 10 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, иссиқхона ташкил этганмиз. Серҳосил еримиз, даромад олишга кенг ҳовлимиз бор экан, ҳар биримиз томорқадан самарали фойдалансак, рўзғоримиз тўкинлигини таъминлаган бўламиз, – дейди миришкор Муҳиба Холова. — Бугун фарзандларимиз ҳам оиламиздаги меҳнат ва тартиб-таомил асосида яшашга интилиб, астойдил ҳаракат қилишмоқда. Илгари экин еридан чиқмасдан ишлайдиган қўшнимизга ҳавас қилардик. Иссиқхона қуришга молиявий жиҳатдан қийналганимизда маҳалла ва туман ҳокимлиги кўмагида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли сармояга эга бўлдик. Шукрки, бундан фақат даромад билан чиқиб, кўзлаган ҳосилимизни оляпмиз. Эндиликда иссиқхонамизни кенгайтириб, ҳосилдорликни ошириш ҳаракатидамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









