“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!”
2024-12-03 10:00:00 / Янгиликлар

Бинобарин, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга, эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шарт-шароит яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Халқаро ногиронлар кунининг мамлакатимизда ҳам кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол ифодасидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги қарори билан “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” деб эълон қилинган. Ушбу сана ҳар йили бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади ва бундан асосий мақсад жисмоний имконияти чекланган ва руҳий нуқсони бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар жиҳатдан мадад бўлишдир.
Куни кеча Бухоро шаҳар маъмурий секторлари раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ўз жамоаси иштирокида “Бухоро Мурувват уйи”да хайрия байрам тадбирини ташкил этдилар.
Тадбирда сўз олганлар бу борада аҳолига кўпроқ ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги "Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони қабул қилингани, бу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам ташкил этилгани, эндиликда агентлик тизимлари томонидан оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли вакиллари билан манзилли ишлаш йўлга қўйилганини эътироф этдилар.
Байрам тадбири давомида болажонларга бир қатор совғалар улашилди. Шу билан бирга “Яшил макон” умумиллий дастури доирасида муассаса хўжалик ерига 300 тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









