Вобкент: Ширин — этнотуризм қишлоғи мақомини олди
2024-11-28 15:45:00 / Янгиликлар

Жумладан, Вобкент туманини олсак, ўтган аср 20 йилларида ташкил топган ҳудуд бугунга келиб 44 та маҳалла фуқаролар йиғинини ўз ичида олган. Чунончи, туманда тарихий манзиллар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжо ва мақбаралар, масжид ва хонақолар бўлиб, улардан кўзга кўринганлари Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳи, Чашмаи Айюб хазираси, Вобкент минораси, Мавлоно Яъқуб Чархий (Тош масжид), кўҳна ҳаммом каби тарихий обидалари билан туман туризм салоҳияти ривожланмоқда.
Туманда кейинги йилларда яна бир этник қишлоқ — «Ширин» МФЙ даги Ширин қишлоғи ўзига хослиги, тарихий анъана ва қадриятлари, маҳаллий урф-одатлари билан этнотуризм қишлоғи сифатида ривожлантирилмоқда. Қишлоқда шўрданак билан бирга қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мерос саналади. Қишлоқ ҳунарманд чевар аёллари бу маҳсулотларни тайёрлашда ҳар бир кўчадан битта хонадонга йиғилишиб, қадимги анъаналар, миллий куй-қўшиқларни ижро этишиб, лапархонлик, қадимги ривоятлардан ўқиб меҳнат қилишни одатга айлантиришган.
Бунда бир нечта ўтовлар тайёрланган бўлиб, бир томонда алоҳида сув ҳавзаси тайёрланиб, бир ёқда алоҳида оғилхона қуриб, унда сигир-бузоқ, қўй-эчки, товуқ, ўрдак, курка каби парранда ёки қуён парвариши олиб борилаётгани ҳам меҳмонлар қизиқиши ва ҳайратини ошириши табиий.
Шу билан бирга, Ширин туризм қишлоғида ташаббускор тадбиркорлар томонидан 20 дан ортиқ мехмон уйи, 10 га якин ҳунармандчилик маркази, 20 дан ортиқ савдо ва умумий овқатланиш шаҳобчаси, ўттизга яқин балиқчилик, ҳалвопазлик, шўрданак тайёрлаш каби хизматлар, хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар учун Wи-Фи нуқталари, ташкил этиш орқали 300 нафар кишини иш билан банд қилиш имконияти яратилмоқда.
Умуман, йиллар давомида қишлоқ ҳунармандлари, косиблари, қандалотчилари кундалик иш фаолияти, зардўзларининг миллий ҳунармандчилик сирлари, турли мазали миллий таомларини тайёрлаш жараёни меҳмонлар ҳайратига сабаб бўлиб келади. Сўнгги пайтда бу қишлоқ хорижий сайёҳларнинг ҳам гавжум саёҳат манзилларидан бирига айланиб бормоқда.
Куни кеча Ширин қишлоғига расман этнотуризм қишлоғи мақомини беришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Б. Шахриёров, республика Туризм қўмитаси экспорти Т. Мирзаев, мазкур қўмита бошқарма бошлиғи А. Максимов, Бухоро давлат университети ректори О. Ҳамидов, Вобкент тумани ҳокими Ф.Умаров ва бошқалар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Бунда Ширин — этнотуризм қишлоғини янада шакллантириш, ҳудуддаги «Ширин этно ҳоусе» маркази фаолиятини ривожлантириш, ҳунармандлар маркази, қадимий сандал уйлар, деҳқончилик асбоб-анжомлари тайёрлаш, от ва туяда сайр қилиш, қадимий тош тегирмон иши, шунингдек, асаларичилик, шўрданак ва миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш каби удумларни маромига етказиб, чет эллик меҳмонларга ҳам намойиш этиш, тарғиб этишга эътиборни кучайтириш зарурлиги айтилди.
Тадбир давомида йиғилганлар этник қишлоқ кўкаламзорлиги учун дарахт кўчатларини ўтқаздилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









