Бухорода замонавий заргарлик маркази ташкил этилади
2024-11-21 18:35:00 / Янгиликлар

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 23 июль куни қабул қилинган “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2024 - 2026 йилларда “Ўзмиллийбанк” АЖ иштирокида Бухоро ва Наманган вилоятларида биттадан ҳамда Тошкент шаҳрида иккита заргарлик марказларини ташкил этиш белгиланган.
Шунга кўра, ривожланган, экспортёр заргарлик саноати корхоналарини Бухорога жалб этиш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарадор тажриба алмашишни жорий этиш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга жадал киришилди. Бу борада катта тажрибага эга Туркия компаниялари билан фаол мулоқот олиб борилди.
Шунга кўра, “Ўзмиллийбанк” АЖнинг “НБУ ИНВEСТ ГРУП” АЖ компанияси томонидан Туркиянинг “ПАЛА ГОЛДEН ЖEWEЛЛEРЙ” компанияси билан Бухоро шаҳрида замонавий заргарлик марказини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.
Маълумот учун: “ПАЛА ГОЛДEН ЖEWEЛЛEРЙ” компанияси заргарлик йўналишида 25 йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркор Уфук Пала томонидан ташкил этилган бўлиб, заргарлик буюмлари билан бирга илғор технологик ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компаниянинг Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Марокаш каби давлатларда сотув офислари мавжуд ва ҳозирда фаолият географиясини янада кенгайтириб бормоқда.
Бугун, 21 ноябрь куни вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг Туркиянинг етакчи заргарлик ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланган “ПАЛА ГОЛДEН ЖEWEЛЛEРЙ” саноат корхонаси раҳбари Уфук Пала ва “Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси раиси Шохрух Тўйчибоев, шунингдек, “Ўзмиллийбанк” АЖ мутасаддилари иштирокида кечган учрашувда Бухоро шаҳрида ташкил этиладиган марказ фаолияти билан боғлиқ масалалар муҳокамалар марказида бўлди.
Қайд этилишича, Савдо саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида ташкил этиладиган марказда йиллик қуввати 300 килограммга тенг заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Ушбу марказда, олтин захира омбори, "шоу-рум" ва ишлаб чиқариш майдонлари, асиллик даражасини аниқлаш лабораториялари ҳамда заргарлик йўналишида мутахассисларни дуал таълим шаклида тайёрловчи ўқув курсларини ташкил қилиш ва мажмуани 2025-йил 1 чорагида ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Марказга туркиялик тажрибали мутахассислар жалб қилиниши билан бир қаторда маҳаллий ёшлар учун ҳам иш ўринлари яратилади. Шунингдек, мамлакатимиздаги заргарлик йўналишига ихтисослашган ўқув даргоҳлари талабалари бевосита ушбу заргарлик марказида ҳамда “Пала Голден” компаниясининг хориждаги корхоналарида ўз билим ва малакаларини ошириб борадилар.
Мулоқот давомида бу борада истиқболда амалда ошириладиган ишлар юзасидан келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




