Бухорода “Жадидлар изидан” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
2024-11-21 14:30:00 / Янгиликлар

Танловнинг бухоролик жадид бобомиз Файзулла Хўжаев уй музейида ташкиллаштирилганлиги ҳам иштирокчиларга ўзгача кайфият бахш этиб, жадидлар яшаган давр ва муҳитни ҳис этиш имконини берди. Тадбир аввалида Файзулла Хўжаев ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, бобокалонимиз сиймосига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Танловнинг тантанали очилиш маросимида республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасаддилари сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тиладилар.
Шундан сўнг танловга старт берилди. Унда 2 та ёш тоифасида шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 26 нафар ёш истеъдод эгаси иштирок этиб, бошқотирма, савол-жавоб ва асар таҳлили шартлари асосида ўз билимларини синовдан ўтказдилар.
—Ниҳоятда қизғин, муросасиз кечган синовлар натижасига кўра, умумтаълим мактабларининг 6-7-8-синфлари ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Бухоро шаҳридаги 20-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Мадина Шаропова эгаллаган бўлса, кейинги фахрли ўринлар Вобкент туманидаги 3-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Зафар Муродов ҳамда Шофиркон туманидаги 6-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Гўзалхон Салимовага насиб этди,—дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нозима Холиқова.— Танловнинг 9-10-синфлар ўртасида кечган баҳсларида Бухоро туманидаги 4-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Машҳура Толибова ўз тенгсизлигини исботлаб, биринчи ўринга муносиб топилган бўлса, фахрли иккинчи ва учинчи ўринларга Жондор туманидаги 45-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Маржона Файзиева ҳамда Вобкент туманидаги 18-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Азиза Туропова эгалик қилдилар.
Эндиликда мазкур танловнинг биринчи ўрнини банд этган ёш иқтидор соҳиблари республика босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладилар.
Танловнинг вилоят босқичи ғолиблари ва иштирокчилари ташкилотчилар, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан димлом ва ташаккурномалар, эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Эслатиб ўтамиз, республика босқичи якунларига кўра ҳар бир синф тоифаси бўйича энг юқори балл тўплаган жами 14 нафар ёш истеъдод эгаси хорижий давлатга таълим саёҳатига юборилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








