Жондор: ҳоким ёрдамчиси грант соҳиби сифатида тикув цехини очди
2024-11-20 12:00:00 / Янгиликлар

Ҳоким ёрдамчиси ҳозирда 70 миллион сўм миқдоридаги грант сармояси ҳисобига маҳаллада 4 та тикувчилик машинкаси “оверло” ускунаси билан ўқув масканини ташкил қилиб, лойиҳа доирасида маҳаллада кам таъминланган хонадонлардан меҳнатга лаёқатли 20 нафар хотин-қизни касб-ҳунарли қилиб, уларни тадбиркорлик асосида даромадли қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Тикувчилик фаолиятини пухта ўрганиб, секин-аста буюртмаларни бежирим тикиб беришга ўтаётган чеварлар меҳнатига яраша моддий манфаат кўришади.
Таҳлиллардан кўринишича, туманда ёшлар сони 33 мингдан ошган бўлиб, улардан расмий банд бўлган ёшлар 17 мингдан ортиқни, норасмий секторда банд бўлган ёшлар эса 11 мингга яқинни ташкил этмоқда.
Алоҳида тоифаланган дафтарлар, масалан “Ёшлар дафтари”да ўтган йили 2 400 дан ортиқ ёш қайд қилиниб, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Албатта, маҳаллада алоҳида мавқеи ва ваколатига эга ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари сифатида замон билан ҳамнафас бўлишлари, билим ва маҳоратларини доимий равишда ошириб бориб, ҳудудда ишсизлик ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам беришлари ижтимоий ва бошқа муаммоларни ҳал қилиши жуда муҳим. Айни шу жиҳатдан Умид Холовнинг Қазоқон маҳалласида амалга ошираётган ишлари эътирофга муносибдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



