Шофиркон: “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг амалий мадади билан...
2024-11-16 20:40:00 / Янгиликлар

Ушбу марказлар маҳаллаларда ҳар бир хонадон турмуши, иқтисодий аҳволини ўрганган ҳолда ижтимоий паспортларини шакллантирмоқда. Айни шу мақсадда вилоятимиз шаҳар-туманларида маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолият бошлади. Улар томонидан маҳалланинг ўзида эндиликда 20 тадан ортиқ хизмат турлари ташкил этилмоқда. Бу орқали маҳалланинг ўзида жумладан, моддий ёрдам, ижтимоий хизматлар, бандлик, субсидия, кредит ва бошқа мурожаатлар ҳал этилмоқда.
Шофиркон туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан 9-сон мусиқа ва санъат мактабида "Аҳолига кўмак—олий қадрият" шоири остида коучинг ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокимлиги, марказ ходимлари, тиббиёт бирлашмаси, маҳаллалар фаоллари иштирок этдилар.
Коучингда Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами учун давлат томонидан кўрсатилиши кафолатланган хизматлар ва ёрдамлар самарадорлигига эътибор қаратилди. Бу тўғрида йиғилганларга маълумот берлиб, фуқаролар билан психологик тренинг машғулотлари ўтказилди.
Самимий мулоқот тарзида ўтган коучингда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази амалий мададидан баҳраманд бўлган фуқаролар, эҳтиёжманд оилалар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Айниқса, ”Мен уддаладим" ижтимоий лойиҳасида жисмоний имконияти чекланганига қарамасдан, ўз қатъий мақсади, шижоати билан ҳаётда йўлини топган юртдошларимиз алоҳида эътироф қилинди.
Жумладан, Ногиронлар жамияти туман кенгаши раиси Дилрабо Намозова, имониятлари чекланган бўлишига қарамай онлайн ўқув курсларида самарали иштирок этиб, халқаро сертификатга эга бўлган ва ҳозирда Бухоро давлат университети инглиз филологияси факультетида таҳсил олаётган Хўжа Орифлик Александра Исхакова, ўнлаб шогирдларига эга математика фани ўқитувчиси Дониёр Ғайбуллаев, мирзоқуллик матонат соҳиби Мансур Аъзамов, маҳаллада тадбиркорлик марказини очиб, 20 нафарга яқин ногиронлиги бўлган фуқарони иш билан таъминлаётган паттахонлик Ойбек Асроров, шунингдек, уйида ўз бежирим ҳунармандчилик маҳсулотларини ясаб тайёрлаб, даромад топаётган Раъно Обидоваларнинг ибратли ҳаётий тажрибасини оммалаштириш чора-тадбири ишлаб чиқилди.
Шунингдек, тадбирда “Инсон” маркази томонидан маҳаллаларда хатлов жараёнида аниқланган эҳтиёжманд фуқаролар мурожаатига биноан ҳамкор ташкилотлар билан туғилганлик гувоҳномаси, фуқаролик паспорти, ногиронлик нафақаси тиклаб берилган Жалол Холмуродов ва бошқаларга, шахсий ҳужжатлари билан бирга 9 миллион 360 минг сўмлик ваучер, қолаверса, саломатлигини тиклаш учун санаторий-профилакторийларига навбати келган онахону отахонларга йўлланмалар топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







