Бухоро туманидаги 1-сонли ИДУМ қайта чирой очди
2024-11-11 16:40:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 30-декабрдаги “2023-2025-йилларда Ўзбекистон республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилги Инвестиция дастури доирасида Бухоро туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби биносини мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур лойиҳани тўла-тўкис бажариш учун давлат бюджетидан умумий қиймати 11 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ўтган ойларда 1 минг 176 ўқувчи ўрнига эга мактаб биноси замон талабларига мос ҳолда тўлиқ қайта таъмирланди. Бунда пудратчи сифатида Шерзод Ҳалимов раҳбарлигида “Фаст қуалитй буилдинг” МЧЖ нинг моҳир қурувчилари алоҳида жонбозлик кўрсатишди. Эндиликда замонавий андоза асосида қайта чирой очган таълим муассасасида 90 нафар ўқитувчи муаллим баркамол авлод вакилларига сабоқ беришмоқда.
Қайта бунёд этилган умумтаълим мактабини фойдаланишга топшириш маросимида туман мутасаддилари, маъмурий секторлар раҳбарлари, фахрий педагоглар ва мактаб жамоаси иштирок этдилар. Тадбирда таълим маскани бунёдкорларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Иншоотнинг рамзий лентаси қирқилгач, тадбирда йиғилганлар унда эртамиз эгалари учун яратилган шарт-шароит ва талабга яраша жиҳозланган синф хоналари билан яқиндан танишдилар.
— Ихтисослашган мактабимиз ўтган аср қирқинчи йилларида қуриб ишга туширилган бўлиб, кейинги йилларда таъмирталаб ва яроқсиз ҳолдалиги ўқувчилар ва улар ота-оналари эътирозига сабаб бўлиб келаётганди, – дейди 1-сонли ИДУМ директори Умида Содиқова. — Юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор туфайли ниҳоят, 1 минг 176 ўқувчи ўрнига эга маскан қайта мукаммал таъмирланди. Янги замонавий бино фойдаланишга топширилиши билан ҳозирда ўқитиш ишларини ҳам янги босқичга кўтариш ҳаракатидамиз. Муҳими, бундаги бунёдкорлик ишларидан мактабимиз жамоаси, айниқса, ота-оналар беҳад мамнун.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









