Жондор: "Жўраева Хушвақт", “Ворис каштачилари” ва бошқа корхоналар фаолияти ривожлантирилмоқда
2024-11-09 13:20:00 / Янгиликлар
Масалан, айни кунда Ибн Сино маҳалласида фаолият юритаётган "Жўраева Хушвақт" МЧЖ раҳбари Хушвақт Жўраева якка тартибда бошлаган мўъжаз тикув цехини кенгайтириб, бугунга келиб 30 нафарга яқин хотин-қизни доимий иш билан таъминлагани эътирофга лойиқ. Муҳими, чевар жамоасидаги ўнга яқин тикувчи аёл шу кунга қадар ижтимоий муҳофазага муҳтож, эҳтиёжманд оилалар бекалари эди. Эндиликда улар ҳалол меҳнат билан моддий манфаат топиб, рўзғор тебратишиб, "ягона ижтимоий реэстор"дан чиқишган. Тикувчилик цехида эса асосан турли буюртмалар, коржомалар, бозор ва савдо расталари учун урф бўлган миллий нимчалар тикиб етказилмоқда.
"Ушот" МФЙ, Ҳунармандлар маҳалласида фаолият юритаётган “Ворис каштачилари” кичик корхонаси ҳам миллий каштачилик ва тикувчиликда тажриба орттирмоқда. Шахноза Шарипова раҳбарлигидаги бу масъулияти чекланган жамияти шу атрофдаги маҳалла ва қишлоқлардан 50 нафарга яқин чеварни жамлаган бўлиб, уларни ҳар ойда 2-2,5 миллион сўм атрофида маош билан таъминламоқда.
Бунда ҳам ташаббускор, ёшлигидан каштадўзлик сирларини пухта ўрганган Шаҳноза Шарипованинг ҳунармандчилик марказини ташкил этишда "Микрокредитбанк"нинг вилоят филиали молиявий кўмагида яқин ҳамкорлик ўрнатгани тикиб тайёрланаётган қўл меҳнати намуналарини кўпайтириш ва харидорлар сафини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Чеварлар оилавий касаначиликни ҳам йўлга қўйиб, уйда ўтирган чевар аёллар орқали буюртмаларни тикиб тайёрлашмоқда.
Худди шундай, айни кунда туманнинг Луқмон маҳалласида 14 нафар аёлни иш билан таминлаб тикувчилик цехини ташкил килган ёш тадбиркор Рушана Фармонова, Ибн Сино маҳалласида хусусий клиника ташкил қилиб, самарали даволашни йўлга қўйган Шахноза Рамазонова, ўзининг ҳовлисидаги томорқа ерини обод қилиб, иссиқхона барпо қилиб, баракали ҳосил етиштириш тажрибасини ўзлаштирган, унда цитрус мевалар ва гул етиштиришни самарали йўлга қўйган ушотлик Мукаррам Азимовалар фаолиятини ҳам бошқаларга ибрат қилиб кўрсатса арзийди.
Муҳими, вилоят тегишли бошқармалари, маҳаллий ҳокимлик, маъмурий секторлар кўмагида бу каби корхона ва цехлар фаолиятини ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириб, ҳудудда ишсизликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати